Берлин: АҚШ президентларининг коммунистик дунёга хитоби

АҚШ президенти Барак Обаманинг Берлиндаги тарихий нутқи арафасида Бранденбург дарвозаси қошига келган Давлат котиби Жон Керри ўз мулозимлари билан.

Американинг ўтмишдаги президентлари Жон Кеннеди ва Роналд Рейганлар изидан борар экан, АҚШ президенти Барак Обама ҳам Берлиндан туриб, дунё аҳлига юзланишга қарор қилди. Унинг икки ўтмишдоши бу шаҳардан қилган нуқт ўз вақтида совуқ уруш тутган темир парда ортидаги ҳукуматларга қаратилган тарихий нутқ бўлган эди.

Берлин шаҳрида Бранденбург дарвозаси қошида 1987 йилнинг 12 июнида қилган нутқида АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейган СССР Коммунистик партияси Бош котиби Михаил Горбачёвдан Берлин деворини йиқишни сўраган эди.

Ўз нутқида Рейган Горбачёвдан Шарқий Европадаги давлатларга "ошкоралик" ва "қайта қуриш" орқали эркинлик беришни сўраган.

- Хрушчёв "Устингиздан ҳали тупроқ тортамиз!" деб таҳдид қилган эди. Аммо, бугун дунёнинг ғарбий қисмида инсоният тарихида кўрилмаган фаровон ҳамда бой ҳаётни кўряпмиз. Коммунистик дунёда эса мағлубият, техник қолоқлик, аҳоли саломатлиги даражаси пастлиги ва ҳатто, асосий эҳтиёжларни ҳам қопламайдиган даражадаги озиқ-овқат танқислигини кўраяпмиз", деган эди Рейган.

15 республикани бирлаштирган собиқ совет ўлкаларидаги қолоқлик ва турмуш даражасининг пастлигига барҳам бериш йўлида Роналд Рейган коммунистлар етакчисига тавсиялар ҳам берган эди.

- Бош котиб Горбачёв, агар сизнинг ниятингиз тинчликни таъминлаш бўлса, агар сиз собиқ иттифоқ ва Шарқий Европага фаровонлик ҳамда тўкин ҳаёт беришни истасангиз, агар сиз либерализмни хоҳлаётган бўлсангиз, у ҳолда Бранденбург дарвозасига келинг, жаноб Горбачёв ва бу дарвозани очинг! Жаноб Горбачёв, Берлин деворини қулатинг!, дея собиқ иттифоқ етакчисига юзланган эди Роналд Рейган.

Айни пайтда Рейган дунёни икки қутбга бўлган темир пардани олиб ташлашнинг ўзи билан Шарқ ва Ғарб ўртасидаги зиддиятга барҳам бериш мушкуллигини ҳам урғулаган эди.

- Биз жуда муҳим омилни унутмаслигимиз керак: Токи, биз қуролланган эканмиз, Шарқ ва Ғарб давлатлари бир-бирига ишонолмайди. Биз эса бир-биримизга ишонмаганимиз учун ҳам қуролланганмиз. Аслида, бизнинг ўртамиздаги тафовут қуролларимиз миқдорида ҳам эмас, балки эркинлигимиз даражасидадир, деган эди Рейган.


http://www.youtube.com/embed/WX00QkvK-mQ?rel=0


Рейган нутқидан 24 йил аввал - 1963 йилнинг 23 июнида Берлиндан туриб президент Жон Кеннеди ҳам совуқ уруш боис, иккига ажралиб қолган дунёнинг коммунистик режим бошқаруви остидаги қисмига қарата нутқ сўзлаган эди.

Берлин девори қурилганидан 22 ой ўтиб Шёнберг саройи қошида сўзлаган президент Кеннеди Ғарб дунёсининг девор нарисида қолган Ғарбий Германия халқини қувватлашини билдирган эди.

Шунингдек, у Берлин деворининг қурилиши эркин дунёнинг коммунистик режимга тоқат қила олмагани исботи ўлароқ баҳолаган эди.

- Бу дунё бўйлаб эркин давлатларнинг коммунистик давлатдан асл фарқи нима эканини англай олмаётганлар кўп. Улар буни англаш учун Берлинга келишсин! Орамизда коммунизм инсоният келажаги, деб ишонганлар бор. Улар ҳам Берлинга келишсин!, дея ҳитоб қилган эди Жон Кеннеди.


http://www.youtube.com/embed/J5DJD-ci3eI?rel=0