Женевада жойлашган Халқаро Меҳнат ташкилоти - ILO бу йилги пахта мавсумида болалар мажбурий меҳнати муаммосини ўрганиш учун ўз мутахассисларини Ўзбекистонга юбориш борасида Тошкент ҳукумати билан музокара олиб бормоқда.
Халқаро Меҳнат ташкилоти 1 август кунига қадар ўз экспертларининг Ўзбекистонга киритилишига умид қилмоқда.
Ташкилот вакиллари бу борада Тошкент ҳукумати билан музокара кетаётганини тасдиқлашди.
Болалар ҳуқуқлари учун курашувчи фаоллар Ўзбекистонда пахта йиғим- теримини назорат қилиш учун Халқаро Меҳнат ташкилотининг кузатувчиларини бу мамлакатга киритилишини йиллардан буён талаб қилиб келишади.
Чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти одам савдосига оид халқаро ҳисоботида Ўзбекистонни эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани учун дунë мамлакатлари орасида энг қуйи ўринга туширди.
АҚШда мавжуд қонунларга кўра, мажбурий меҳнатни бартараф этмаган давлатларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади.
Вашингтондаги Cotton Campaign ташкилоти вакили Мэтю Фишер Далининг таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати халқаро санкцияларга юз тутмаслиги учун мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат муаммолари бартараф этилганини исботлаши ва бунинг учун шу йилнинг 1 августига қадар Халқаро Меҳнат ташкилоти мутахассисларининг мамлакатга киришига рухсат бериши керак:
- АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосини тан олиши бу мамлакатда болалар меҳнатини таг-томири билан йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадам ва бу ижобий натижа беришига ишонамиз, деди Cotton Campaign гуруҳи вакили Мэтю Фишер Дали Озодлик билан суҳбатда.
АҚШнинг Муҳим топшириқлар бўйича элчиси Луи Сидибека ҳам Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро Меҳнат ташкилоти ўртасидаги музокаралардан ижобий натижа чиқишига умид билдирди:
- Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро Меҳнат ташкилоти ўртасида сўзлашувлар давом этаётгани қониқарли ҳол, лекин натижани кўришни хоҳлаймиз, деди Сидебака.
Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинг эксплуатация қилинишини рад этиб келади ва мажбурий меҳнат юзасидан ўзи мониторинг олиб боришини иддао қилади.
Ўзбекистон ҳукумати йиллардан буён пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётгаи учун халқаро танқидлар остида қолиб келаётганига қарамай¸ Халқаро Меҳнат ташкилоти мутахассисларининг мамлакатга киришига рухсат бермай келади.
Айни пайтда мустақил кузатувчиларга кўра¸ халқаро босимлар¸ хусусан¸ жаҳондаги йирик кийим-кечак ширкатларининг болалар меҳнати эвазига терилган ўзбек пахтасига эълон қилган бойкоти туфайли 2012 йилги пахта мавсумида ҳукумат мактаб ўқувчиларини оммавий тарзда далага ҳайдаш сиëсатини чеклашга мажбур бўлди.