Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари абитуриентлардан ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилишни бошланди. Анъанага кўра, ҳужжатларни топшириш 20 июлгача давом этади.
2013-2014 ўқув йилига талабалар қабулининг умумий сони ўзгармади. Бу йил ҳам Ўзбекистон олий билим юртлари 63 мингга яқин талабани қабул қилиб олиши кутиляпти.
Шулардан 56 минг 607 нафари бакалавр йўналиши бўйича, 6 минг 300 нафари магистратура йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинади.
Лекин давлат грантлари миқдори бу йил қисқарди. Жумладан, бакалавриат бўйича давлат грантлари 2013-2014 ўқув йилида 220 тага, магистратура йўналиши бўйича эса 18 тага камайди.
Бу жорий йилда бакалавр йўналиши бўйича 19 минг 120 талаба, магистратура йўналиши бўйича 1 минг 548 талаба давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинишини англатади.
- Бу йил яна юридическийга ҳаракат қиляпмиз. Қизимиз ўтган йили киролмади. Ҳужжат топшириш учун кабул комиссиясини олди ҳозирдан очеред. Бу йил ҳам одам кўпга ўхшаяпти. Давлат гранти бўлмаса ҳам контрактга кирса ҳам розимиз, - дейди қизи билан Тошкент давлат юридик институтига ҳужжат топширгани келган тошкентлик Муҳаббат опа.
Ҳозир Ўзбекистонда 58 та университет мавжуд бўлиб, улардан 28 таси Тошкентда, иккитаси Самарқандда, тўрттаси Андижонда, учтаси Бухорода жойлашган. Шунингдек, Фарғона, Нукус, Қарши шаҳарларида иккитадан, Термез, Урганч, Навоий, Гулистон ва Қўқон шаҳарларида биттадан олийгоҳлар бор.
Улардаги 63 минг ўрин учун қарийб ярим миллион ўзбекистонлик абитуриент даъвогарлик қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда чет давлатлардаги олийгоҳларининг бўлинмалари ҳам бор. Уларга қабул алоҳида амалга оширилади.
Булар Халқаро Вестминстер Университети, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Губкин номидаги Россия Нефт ва Газ Институти, Плеханов номидаги Россия Иқтисод университети, Сингапурнинг Бошқарув Институтининг Тошкентдаги бўлинмаларидир.
Ҳозир Ўзбекистонда абитуриентлар орасида “юриспруденция”, “халқаро муносабатлар”, “халқаро иқтисодиёт” мутахассисликларига қизиқиш катта.
Уларда ўқиш учун бир йиллик тўлов-контракти бакалавриат учун 4 миллион 800 минг сўм, магистратура учун эса 5 миллион 250 минг сўмни ташкил этади.
Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади. Мамлакатда совет давридан мерос қолган "пул билан ўқишга кириш" мустақиллик даврида янада чуқур илдиз отди.
Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга киришнинг қанчага тушишини махсус ўрганган Эксперт Ишчи гуруҳига кўра¸ энг қиммат ўқув юртлари Тошкент Давлат Юридик институти ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бўлиб, уларга кириш абитуриентга 40 минг долларга тушиши мумкин.
Энг арзони эса журналистика ва хорижий тиллар факультетлари. Аммо улар учун ҳам камида 5000 доллар керак.