Тошкент Бишкек билан чегара бузувчиларга қарши қурол қўлламаслик юзасидан келишолмади

Ўзбекистон Қирғизистондан бўлган чегара бузувчиларга нисбатан қурол қўлламаслик тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортди.

Бу ҳақда Қирғизистон бош вазирининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича ўринбосари Тўқўн Мамитов 1 июл куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Аввал Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари бўлиб ишлаган Мамитовга кўра, бундай баённома тожикистонлик чегарачилар билан шу йилнинг март ойида тузилган.

- Бироқ ўзбек расмийлари фақат чегарани биргаликда қўриқлашгагина рози бўлдилар ва қонун бўйича чегара бузганларни отишга бурчли эканларини айтиб, уларга қарши қурол қўлламасликдан бош тортдилар. Улар оғзаки тарзда иш қурол қўллашгача етиб бормаслигини ваъда қилгандилар, бироқ амалда биз нима бўлаётганини кўриб турибмиз, - деди Тўқўн Мамитов 20 июн куни қирғиз-ўзбек чегарасида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан қирғизистонлик Бақит Тағаевнинг отиб ўлдирилиши ҳодисасини назарда тутган ҳолда.

Қирғиз расмийлари чегарадаги бу нохуш ҳодиса бўйича ўзбек чегарачиларига нисбатан жиноят иши қўзғатган. Ўзбекистон томони эса бу ерда ўқотар қурол давлат чегарасини бузган кишиларни тўхтатиб қолиш учун қўлланилганини иддао қилмоқда.