Хоразмда маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, хорижга ишлашга кетган фуқаролар рўйхатини тузмоқда. Бу ҳақда Озодликка боғланган хоразмликлар маълум қилишди.
Вилоятидаги меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш тадбири Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўтган ой Жиззаҳда айтган гапидан сўнг кучайди.
Президент Каримов Москвада кўча супураётган ўзбекларни дангасалар, деб атаб улардан жирканишини айтган эди.
Хоразмнинг Урганч туманида яшовчи Рўзмат аканинг айтишича: “маҳалла фаоллари Россия, Қозоғистонга оиладан кимлар кетган, қачон кетган, нима иш қилишади, уларни хориждаги манзили ва телефон рақамлари ҳақида маълумот тўплашяпти”:
- Айрим маҳаллақўмлар фарзандлари Россия, Қозоғистонга кетган ота-оналар билан жуда қўпол гаплашишaяпти. "Нимага кетади, қайтар", деган гапларни айтишaяпти, дейди Рўзмат ака.
Урганч тумани ҳокимлиги расмийлари шундай текширувлар ўтказилаётганини тасдиқлашди:
- бўлаётгани бор гап. Лекин биз Россияга ишлагани кетган коллеж ўқувчилари билан қизиқaяпмиз, деди ўз исмини айтмаган Урганч тумани ҳокимлиги расмийси.
Хоразм вилоят ҳокимлиги Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъулларидан бирининг Озодликка айтишича, ўқишни тамомламасдан хорижга кетиб қолган коллеж ўқувчилари ортга қайтарилади:
- Коллежга ҳужжат топшириб, бир йил ўқиб-ўқимасдан Россияга кетиб қолаётганлар бор, ҳозир шундайларни аниқлаяпмиз. Ўқишини тугатиб, мутахассислиги бўйича дипломини олиб кетса бошқа гап. Ўқишни тугатганидан кейин хоҳласа шу ерда ишласин, хоҳласа Россияга кетсин. Ўқишни тамомламасдан кетиб қолиши мумкин эмас, дейди Хоразм Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходимларидан бири.
Озодлик манбаларига кўра¸ шу кунларда вилоятда мактаб битирувчилари ва коллеж талабаларининг хорижга иш излаб кетишининг олдини олиш учун чоралар кучайтирилган.
Эндиликда коллеж ва лицейларнинг қабул комиссиялари¸ айтилишича¸ бўлажак талабалардан ўзи яшайдиган маҳалла қўмитасидан "уч йил ҳеч қаерга чиқмайди", деган мазмундаги кафолат хати талаб қилаяпти.
Урганчлик Рўзмат аканинг айтишича, меҳнат муҳожирларини рўйхатга олаётган маҳалла фаоллари фақат коллеж талабалари билан қизиқаётгани йўқ:
-Улар оиладан кимлар кетди, исми, фамилияси, нимага кетди, қаерда, нима иш қилади, деб сўраяпти ва қайд дафтарига ёзаяпти. Ҳозир бизни кўчада бир оиладан икки, уч одам ё Россияда ё Қозоғистонда. Бу ерда фақат пенсионерлар қолган, дейди Рўзмат ака.
Меҳнатга яроқли аксар аҳолиси Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган Хоразмда ҳозир ишчи кучи етишмаётгани боис Урганч шаҳрини қайта қуриш ишига талабалар ва давлат ходимлари жалб этилмоқда.
Қўшни вилоятлардан қурилиш соҳаси мутахассислари ҳам Урганчга олиб келинмоқда.
Россияда фаррош бўлиб ишлайдиган Жуманазарнинг айтишича, ҳозир Санкт- Петербургни хоразмликлар эгаллаган.
- Ҳозир Санкт-Петербургдаги ҳар икки ўзбек муҳожирининг бири хоразмлик. Хоразмликлар эгаллаган бу ерни. Ойликни бермаса шу ерга келиб ишлаймизда. Ўзбекистонга қайтаришармиз бизни, деган гапни олдин ҳам эшитгандик. Лекин шу ерда берадиган ойликни у ёқда берса жон, деб қайтган бўлар эдим, оиламнинг ёнига, дейди Жуманазар.
Хабарларга кўра, четга кетиб қолган меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш фақат Хоразмда бўлаётгани йўқ. Аввалроқ, Андижон ва ЖиззаХ вилоятларида ҳам шундай тадбирлар бўлаётгани ҳақда хабар қилинган эди.