Москва-Ситида заҳарланганларнинг асосий қисми ўзбеклар

Россиядаги аксар қурилишлар каби "Москва-сити" бизнес-маркази қурилишида ҳам марказий-осиёликлар ишлайди.

Россия пойтахтидаги "Москва-сити" бизнес-маркази қурилишида ишлаётган 100дан ортиқ меҳнат муҳожири сифатсиз овқатдан заҳарланиб шифохонага тушди. Ичак инфекциясига йўлиққан ишчиларнинг асосий қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркия фуқароларидир.



7 июлга ўтар кечаси Москвада анча йиллардан бери қурилаётган ҳашаматли “Москва-сити” хизмат маркази қурилишида ишлаётган муҳожирлар оммавий заҳарланиши ҳодисаси содир бўлди.

Москва шаҳар полицияси ҳодиса ортидан 78 киши заҳарланиш аломатлари билан пойтахт шифохоналарига олиб кетилганини маълум қилди. Лекин ҳозирга келиб тиббий муассасаларга мурожаат қилганлар сони 100дан ошгани маълум бўлди.

“Кеча 23:50 да Бумажний тор кўчаси, 2/2-уйда жойлашган ишчилар ётоқхонасида овқатдан оммавий заҳарланиш бўлгани ҳақида хабар келиб тушди ва зудлик билан у ерга шаҳар полицияси ходимлари ҳам етиб келди”, дейди бу ҳақда қўшимча маълумот берган Москва шаҳри бўйича полиция бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Аркадий Баширов.

- Суриштирув давомида меҳнат муҳожирлари қурилиш объекти ошхонасида кун давомида овқатланган, иш тугаганидан кейин хоналарига келиб ўзларини ёмон ҳис этган ва шифокорларга мурожаат қилган. Ичак инфекцияси дастлабки диагнози билан жами 108 киши госпитализация қилинди,- деди полиция бошқармаси расмийси Аркадий Баширов.

Ҳозирда бошқарма вакиллари томонидан текширув ишлари бошланган.

Москванинг “Белорусская” метро бекати ёнидаги 1,5 мингдан зиёд муҳожир жойлашган бу ётоқхонадан олиб кетилганларнинг асосий қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркия фуқаролари эканини Озодликка шаҳарнинг 2-Юқумли касалликлар шифохонасида маълум қилишди.

- Бизга жами тахминан 50-51 одам келиб тушди. Улар Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари. Уларни биз 2-корпусга жойлаштирдик, ҳозирча оғир аҳволда қолаётганлар йўқ,- деди исмини ошкор қилмаган навбатчи врач.

Бундан ташқари, қолган заҳарланган муҳожирлар 3-юқумли касалликлар клиникасига олиб кетилганини Озодликка тасдиқлашди. Касалларни кузатаётган врачлардан бири шифохонага 50дан ортиқ Ўзбекистон ва Туркия фуқаролари келтирилгани, ҳозирда уларнинг ҳолати яхшилангани боис аксар беморларга жавоб берилганини билдиришди.

Озодлик мурожаат қилган барча пойтахт расмий идораларида госпитализация қилинганлардан аниқ 15 нафари Туркия фуқароси бўлгани, қолган давлатлар вакиллари сони қанча эканини билмасликларини маълум қилишди.

Олинган норасмий маълумотларга кўра, тушликда берилган овқатдан заҳарланган ишчилар сони аслида бироз кўпроқ бўлган. Шунчаки, айрим ишчилар қурилиш объектларида ноқонуний меҳнат қилиб келаётгани туфайли расмий ҳужжат талаб қилган санитарларга мурожаат қилмасдан, текширувга келган полиция ходимларини кўриб жуфтакни ростлаб қолган.

Полиция тарқатган дастлабки суриштирув хулосасига кўра, ишчиларга тушлик пайтида пластикка ўралган ва бир муддат иссиқда қолган “Calcan” фирмаси тайёрлаган овқат тортилган.

Маълум бўлишича, шифохонага тушган меҳнат муҳожирларини Сити қурилишига “Япи Санайин” Туркия фирмаси ёллаган.