Интернетда мусулмонлар учун мўлжалланган қидирув тизими пайдо бўлди. Андозаси Google, Yahoo, Bing каби сайтларидан олинган Halalgoogling.com қидирув тизими ҳаром ёки ноисломий ҳисобланган маълумотларни тўсиб қўя олиши айтилмоқда. Сайт ташкилотчилари “миссиямиз ҳар бир мусулмон Интернетдан ҳалол тарзда фойдалан олсин учун, мусулмон жамоасининг Интернет эҳтиёжларини қондиришдир”, дея ёзди. Лекин Покистонда ташкил қилингани айтилаётган Halalgoogling сайти мусулмон Интернет фойдалнувчилари орасида Google ёки Yahoo сайтлари билан рақобат қила олиши ва самарали бўлишига мутахассислар шубҳа билан қарамоқда.
Ҳаромни тўса оладиган сайт?
Ҳафта бошида Интернетда пайдо бўлган Halalgoogling сайти фойдаланувчига Google, Yahoo, Bing каби сайтлардан маълумот олиб беради, фақат шариатга кўра ҳаром ҳисобланган маълумотларни филтрлаб, тўсиб қўяди.Сайт мамъмурияти тарқатган пресс релизга кўра, Halalgoogling “порнография, яланғоч тасвирлар, бесоқолбозлар, лесбианлар, бисексуаллар, қимор, аксилисломий контентни” тўсиб қўя оладиган махсус филтр тизимига эгадир.
“Halalgoogling ҳаром контентни филтрлай оладиган тизимга эга бўлган дунёдаги ягона мусулмон қидирув тизимидир”, дея ёзди сайт ташкилотчилари.
Баъзи хабарларга сайт ижодкорлари покистонликлардир, лекин уни яратишда бошқа мамлакатлардан бўлган мутахассислар ҳам иштирок этган.
Озодлик радиоси Покистон хизмати мухбири Аҳмад Шох Азамий Halalgoogling сайтининг ташкил қилиниши Покистондаги Интернет жамоаси устидан назорат ўрнатиш уринишларининг бир кўринишидир, дейди. Покистон жамиятининг, умумиятла, консерватив бўлгани билан шартланган бундай ҳаракатлар, асосан либерал қарашлардаги Интернет жамоасининг қаршилигига ҳам учраб келади, дейди журналист.
- Масалан, бундан бир йил аввал Муҳаммад Пайғамбарни таҳқирловчи филм Youtubeда пайдо бўлганидан бери бу сайт Покистонда тўсиб қўилган эди. Бундан ташқари Покистонда “секс”, “порно” ёки “яланғоч тасвир” деган сўзларни Googleда ҳам тўсиб қўйиш бўйича иш олиб бораётган гуруҳлар ҳам бор. Лекин покистонлик Интернет фойдаланувчилари ҳам шунчалик уддабурон бўлиб кетганки, улар бу ҳаракатларга қаршилик сифатида, шахсий блоглари ёрдамида қидирув тизимларига “шаҳар”, “дўст” ёки “учрашув” каби кўринишдан беозор калит сўзлар ёрдамида порносайтлар ёки шунга ўхшаш бошқа тақиқланган контентга линкларни бермоқда. Яъни улар шу йўл билан тўсилган сайтларга киришнинг муқобил йўллари борлигини кўрсатмоқчи бўлади, дейди журналист.
Унинг айтишича, Покистонда Halalgoogling каби сайтларнинг яратилишига диндорларни ҳаром саналган маълумотлардан сақлаш мақсадидан ташқари, бошқа сабаби ҳам бор.
- Бунинг бошқа тарафи ҳам бор. Бир неча йил аввал ўтказилган тадқиқот покистонлик Интернет фойдаланувчилари дунё бўйича қидирув тизимларида порнографик сайтларни энг кўп қидирганлар қаторида эканини кўрсатган эди. Яъни бу жараён покистонликлар ўзлари учун уятли ҳисобланган “порно қидирувчилар” мақомидан қутулиш ҳаракатларининг бир қисми ҳамдир. Шунинг учун Halalgoogling ва шу каби бошқа сайтлар ҳам пайдо бўлган. Лекин умуман олганда, албатта, бу жараёнга Twitter, Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаоллашган экстремистик руҳдаги гуруҳларнинг либерализмга қарши кураши деб қараган бўлар эдим, дейди покистонлик журналист Аҳмад Шох Азамий
Яхши, лекин бесамар ғоя
International Herald Tribune газетасининг Покистонда чиқадиган нашри ўз сайтида “мусулмонлар учун Интернет қидирув тизимини яратиш ғояси яхшими, ёмонми”, деган савол билан сўров уюштирди. Икки мингга яқин сўров қатнашчиларидан 60 фоизи бу ғояни “яхши” деб ҳисоблаган бўлса, 40 фоизи “ёмон ғоя”, дея жавоб берган.Ўзбекистонлик Интернет фойдалнаувчиси Абдуллатиф бу ғояни яхши, деб ҳисоблайди.
- Мусулмонларни ëмонлаб чиққан бўлса, исломни таҳқирлаб чиққан бўлса, мен уни кўришни хоҳламайман.
Озодлик: Лекин ўша воқеадан бехабар қоласизку ўзингиз.
- Мен бундай хабарларни ўзимга қабул қилишни хоҳламайман. Масалан ўзимни назарда тутиб гапирсам, нимадир менга керак бўлса, талайгина сайтлардан ахтаришим мумкин. Гуглнинг ўзидан. Масалан менга бунақа нимани кўришнинг кераги йўқ. Гуноҳ деб биламан ўзимнинг кўришимни. Шунинг учун керак эмас.
Шу билан бирга Абдуллатиф Halalgoogling сайти ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлиб кетишига ишонмайди.
- Ўзбекистон шароитида оммабоп бўмайдию, лекин дунё мусулмонлари орасида оммабоп бўлиб кетади, деб ўйлайман.
Озодлик: Ўзбекистон шароитида нима учун оммабоп бўлмайди?
- Биринчидан, бундан кўпчилик бехабар. Иккинчидан, бунақа нимани (сайтни) ўзбеклар қабул қила олмайди ўзига. Кўпчилик исломий нарсалар ахтаргани кирмайди. Ўзбекистонда ҳали-бери ривожланмаса керак бу. Лекин мен ундан фойдаланишга ҳаракат қиламан, дейди Абудллатиф.
Ўзбек тилида сўзлашувчи Интернетдаги воқеаларни кузатиб борадиган мутахассис Тўлқин Умаралиев ҳам ҳалол қидирув тизими истиқболларига шионмайди. Чунки, дейди мутахассис, биринчи навбатда, бу ҳаракатлар бесамардир.
- Интернетда бир кунда пайдо бўлаëтган маълумот кўламини менимча бирор-бир одам тасаввур қила олмаса керак. Шуни ҳисобга олганда бугунги кунда айрим гуруҳлар тарафидан кичкинагина тармоқнинг яратилиши, ҳалол контент, яъни элакдан ўтказиб берадиган, исломий контентдан ўтказиб берадиган ëки ҳаром бўлган контентни ушлаб қоладиган тармоқнинг яратилиши ўзи бир ахмоқлик. Чунки бугунги кунда яратилаëтган контент кўламини элакдан ўтказишнинг ҳозир иложи йўқ. Тўғри, гей, порнография, эротика каби калит сўзлар орқали айрим контентни тўсиб қўйиш мумкин. Контентнинг ичини, айтайлик ҳар бир қўйилаëтган мақоланинг, матннинг ичини анализ қилиш учун жуда ҳам кучли алгоритмлар, серверлар, технологиялар керак. Покистондаги кичкина бир гуруҳнинг бутун дунëдаги интернет тармоғига визов ташлаши бугунги кунда иложи мумкин бўлмаган нарса.
Halalgoogling сайти ҳозирча инглиз тилидаги калит сўзларга кўра, сайтларни филтрдан ўтказмоқда. Ўзбек тилида ёки кирилл алифбосида ёзилган калит сўзларни ҳалол қидирув тизими танимайди.
Интернет технологиялари бўйича мутахассис жаҳон тармоғи фойдаланувчилари кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда, қандайдир чекловлар ёки цензура асосида ишлайдиган сайтлар муваффақиятсизликка учраши аввал бошданоқ белгиланган дея хулоса қилади.
- Бу ўзига хос цензуранинг бир кўриниши. Чунки сиз ҳалолгуглга кирар экансиз, сиз олдиндан биласизки айрим калит жумлалар, калит сўзлар тўсилган бўлади. Бу цензуранинг бир қисми. Умуман интернет фойдаланувчисининг характерини олиб қараганда ҳар қандай интернет фойдаланувчиси энди интернетдан фойдаланишни ўрганаëтган одамни ҳисобга олмаганда эркинликни хоҳлайди. Ҳозир бирор-бир тармоқ ëки бирор-бир хизмат чекланган маълумот берадиган бўлса, бу тармоқдан интернет фойдаланувчилари кетишни бошлайди. Бугунги кунда цензураси бор тармоқлар унча кўп машҳурлик билан ажралиб турмайди, дейди Интернет технологиялари бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиев.