Россия суди Магнитский иши бўйича ҳукм чиқаради

Москва шаҳар суди пайшанба куни солиқ тўламаганликда ва товламачиликда айбланган Сергей Магнитский иши бўйича ўз ҳукмини чиқаради.

Кузатувчилар Россия адлияси илк бор марҳум инсонни судлаётганини айтишмоқда.

Hermitage Capital жамғармаси юристи Сергей Магнитский 2009 йили Россияда тергов изоляторида вафот этган эди.

Магнитский 2008 йилда Россия ҳукумати амалдорларини катта миқдордаги пулларни ўзлаштирганликда айблаши ортидан қамоққа олинган эди.

Унинг тергов изоляторида жисмоний тазйиқлардан сўнг вафот этгани таҳмин қилинади.

Россия ҳукумати эса Магнитскийга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани ва у юрак хуружидан вафот этганини иддао қилиб келмоқда.

Юристнинг ўлими халқаро ҳамжамият тарафидан кескин танқидга олинди.

Ўтган йили Қўшма Штатлар Магнитский ўлими учун масъул деб кўрилган Россия расмийларини Қўшма Штатларга киритмасликка қаратилган “Магнитский қонунини” қабул қилди.

Прокурорлар суддан Магнитскийга нисбатан қўйилган айбловларни олиб, ўрнига унинг собиқ раҳбари Уилям Броудерни жазолашни сўрашган.