Муфтият: Оч одамни бир кун тўйғизишга 8000 сўм кифоя!


Ўзбекистон Mусулмонлари идораси ҳисоб-китобига қараганда, бир кишининг бир кунлик озиқ-овқати учун 8 минг сўм кифоядир. Бу меъёр Уламолар кенгашининг Рамазон арафасида қабул қилинган “Закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори”да белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Mусулмонлари идораси бу йил закот нисобини 8 миллион сўм, деб белгилади. Бу йил шунча пул топган ўзбекистонлик мусулмон ўша сумманинг 40 дан 1 ҳажмида, яъни 200 минг сўм “закот чиқаради”.

Фитр садақаси ҳажми эса, 2 кило буғдой нархидан келиб чиқиб белгиланди. Қарорда “Тошкент бозорларида шу кунда буғдойнинг 1 килоси ўртача 1500 минг сўм эканлиги, демак, фитр садақаси 3 минг сўм” бўлиши айтилган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 24 июнда имзолаган қарорда рўза ибодатига оид яна бир меъёр ҳукми бундай белгиланган: “Бу йилги Фидя миқдори бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 8 минг сўм қилиб белгилансин”.

Ўзбекистонда истеъмол савати минимуми шу пайтгача белгиланмаган. Бас, шундай экан, Мусулмонлар идораси фидя (“(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз (фидя) тўлашлари лозим” “Бақара” сураси, 184-оят) миқдорини қандай белгилади?

Бу савол билан Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансурга мурожаат қилдик:

- Ҳар-хил овқатлар бор. Нархлари ҳам турлича. Порцияси 2 минглиги ҳам, 12 минглиги ҳам бор. Биз ўртача нархни олдик ва бир киши бир кунда икки марта овқатланади, деган фикрдан келиб чиқдик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даври билан ҳозирги замоннинг ўртачасини олдик, деди олим.

Унинг фикрича, шу кунда 8 минг сўми бор одам бир кун бемалол қорнини тўйғазиши мумкин.

Aйни пайтда, Мусулмонлар идораси масъул вакилининг айтишича, баъзилар фидя миқдори баланд белгиланганидан норозилик ҳам билдирган.

1-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, тадбиркорлик қилаётган, ўзи, турмуш ўртоғи ва коллеж ўқувчиси бўлган қизидан иборат уч кишилик оилани боқаётган Миркомил аканинг фикрича, муфтият белгилаган фидя миқдорини ўта баланд, деб бўлмайди.

- Фидя миқдори жуда паст белгиланган. Чунки кўчага чиқиб овқатланаман десангиз, камида 10 – 13 минг кетиб қолади, дейди Миркомил ака.

Нима бўлганда ҳам, Мусулмонлар идораси белгилаб берган фидя миқдори шу кундаги ўзбек оиласининг энг камтарин эҳтиёжларини қондириш учун неча пул керак бўлиши тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун таянч нуқтаси бўла олади.

Fидя миқдоридан келиб чиқилса, Миркомил аканинг 3 кишилик оиласи таомланиши учун киши бошига кунига 8 мингдан бир ойда 720 минг сўм керак (8000*30=240000; 240000*3=720000).

Бироқ Миркомил аканинг ҳисоб-китобича, бир кишининг бир кунлик озиқ-овқати реал нархи фидя миқдоридан камида 3 баробар баланддир.

- Фақат озиқ-овқатга бир кишига бир кунда 24-25 минг кетади, дейилса, тўғри бўлади, деди Миркомил ака.

Демак, Миркомил аканинг ҳисоб-китобича, шу кунда 3 кишилик оила озиқ-овқатнинг ўзигагина 2 миллион 160 минг сўм (24000*30=720000; 720000*3=2160000) сарфлаши керак.

2 миллион 160 минг сўм шу кунда Марказий банк курси бўйича 1029, қора бозор курси бўйича тақрибан 800 АҚШ долларига тенг ақчадир.

Муҳим эслатма: Миркомил аканинг ҳисоб-китоби бўйича чиқарилган рақам анча каттадир. Биринчидан, Миркомил ака ўз оиласини ўртаҳол оилалардан, деб билади. Иккинчидан, у бир кунлик озиқ-овқат нархини ҳисоблар экан, аксарият ҳолларда кўчада овқатланишни назарда тутаяпти.