Боласи ўқишга бормаса¸ ота-она жавобгарликка тортилади

Ўзбекистон "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодексига қўшимчалар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада ўрта ва махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг давомати учун маъмурий жавобгарлик ота-она зиммасига юкланди.

“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига кўра, “Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт¸ ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар".

Ана шу моддадаги «вояга етмаган» ибораси коллеж ва лицейларда ўқиётган талабалар 18 ёшга кирганда ўз кучини йўқотади ва ота-оналар зиммасидан масъулиятни соқит қилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ана шу масъулиятни яна қайтариб ота-оналар зиммасига қўйиш учун "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодексга қўшимчалар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган ўқув йили давомида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида асоссиз равишда дарс қолдирган ўқувчиларнинг 30 фоизини 18 ёшга тўлган болалар ташкил этган.

"Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодекснинг 47-моддасига кўра, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади.

Янги таҳрирдаги қонунда жарима миқдори шунча қоладими ёки жазо янада кучайтириладими, буниси ҳозирча номаълум.

Қашқадарё вилоятидаги коллежлардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчи қонунга ўзгартиш киритиш билан мавжуд муаммоларни ҳал қаилиб бўлмаслигини айтади:

- Менимча¸ бунинг фойдаси йўқ. Чунки коллеж-лицейлардаги муҳитнинг ўзи яхши эмас. Масалан, ўтган ўқув йили давомида талабларнинг 50-60 фоизи ҳам дарсларда қатнашган йўқда. Кимдир директор билан гаплашиб боласини Россияга юборган, кимдир далада ишлатаяпти. Чунки одамларда коллежларнинг пухта билим ёки касб беришига ишончи қолмаган. Барибир тугатгани билан иш йўқ. Менимча, бу қонун қабул қилинган тақдирда ҳам, приписка бўлаверади. Чунки, иқтисодий аҳвол шунга мажбур қилади, деди коллеж ўқитувчиси.

Тайёрланаётган қонун лойиҳасига кўра, ота-оналарни болаларнинг давомати учун масъул қилиб қўйиш 12 йиллик мажбурий таълим олишни кафолатловчи ҳуқуқий механизмларни янада мукаммаллаштиради.

Кузатувчиларга кўра¸ давомат учун бутун масъулиятни ота-оналар зиммасига юклаш ташаббуси¸ президент Каримовнинг коллеж талабаларининг иш топа олмай Россияга чиқиб кетаëтганига оид мулоҳазаларига жавоб тариқасида ўртага чиққан.

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда Россиядаги ўзбек мардикорлари билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирган эди.

Ўз нутқида Каримов лицей ва коллеж ўқувчиларининг иш билан таъминланмагани ҳақидаги матнни ўқиëтиб мавзудан чалғиган ва Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши тақдирига оид гап бошлаган эди.

“Нега ўзбеклар Россияга бориб фаррошлик қилади? Наҳотки Ўзбекистон фуқароси ўз юртида Россияда фаррошлик қилганичалик пул топа олмайди” деб Ўзбекистон президенти Ички ишлар вазирини саволга тутиб, анча тергаган эди.