Хоманаий Эрон расмийларини АҚШ билан муносабатда эҳтиёткор бўлишга ундади

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий Вашингтон “ишончга лойиқ эмас”лигини айтиб, янги маъмуриятни АҚШ билан муносабатда эҳтиёткор бўлишга чақирди.

Якшанба куни давлат амалдорлари олдида чиқиш қилган Хоманаий Қўшма Штатлар билан музокаралар олиб боришни маън қилмаслигини айтди. Шу билан бирга, Эрон олий руҳонийси Вашингтон тутган позиция келажакда ўзаро алоқалар яхши бўлишига умид уйғотмаётганини ҳам урғулади. Хоманаий Эрон рақиблар мақсадларини ўзи учун ойдинлатиб олиши лозимлигини, акс ҳолда, бундан жабр кўриб қолиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Эрон олий руҳонийсининг бу баёноти июн ойида ўтказилмиш президентлик сайловида ғолиб чиққан ва мўътадил сиёсатчи ўлароқ кўриладиган Ҳасан Руҳоний мамлакатнинг янги президенти сифатида қасамёд қилишидан икки ҳафта олдин янгради.

Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчиликка Эроннинг ядровий дастури сабаб ўлароқ кўрилади. Ғарб мамлакатлари Эрон расмийларининг мазкур дастури ядровий қурол яратишга йўналтирилган, дея тахмин қилади. Теҳрон эса бу айбловларни тамоман инкор қилиб келади.