Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган Navoiyazot заводида 27 июл куни кундузи содир бўлган портлаш натижасида заводнинг ацетилен ишлаб чиқарувчи ҳамда унга туташ бир неча цехда иш тўхтаб қолгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, шу куни завод ҳудудида шанбалик бўлгани боис жароҳатланганлар кўпчилик, қурбонлари сони эса камида бир кишидир. Бироқ аниқ рақамлар ошкор қилинмади.
Навоий вилоятида жойлашган Navoiyazot очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида 27 июл куни иккита йирик портлаш содир бўлгани ҳақида Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали хабар йўлланди.
Бу хабар ортидан Озодлик мухбирининг аниқлашича, шанба куни тушга яқин заводнинг ацетилен ишлаб чиқарувчи цехида портлаш содир бўлган.
Ҳокимиятдагиларнинг портлашдан хабари бор
Завод маъмуриятидан бу борада маълумот олишга муваффақ бўлолмадик, аммо Навоий шаҳар ва вилоят ҳокимликлари мутасаддилари портлаш бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.
"Кеча (27.07.2013) портлаш бўлганидан хабарим бор. Бошқа маълумотларни мен билмайман. Раҳбарларимиз ҳозир шу масала бўйича йиғилишда", деди Навоий шаҳар ҳокимлигининг ўзини навбатчи деб таништирган, аммо исмини айтишни истамаган ходими.
Шунингдек, ундан олинган маълумотга кўра, 28 июл кунига келиб "заводдаги вазият тўла назорат остига олинган" ва "аҳвол яхшиланган".
Навоий вилоят ҳокимлигининг ходими ҳам Navoiyazot заводида портлаш бўлганини тасдиқлар экан, портлашнинг икки марта содир бўлгани ҳақидаги норасмий маълумотларни рад этди.
Портлашни марказдан келган экспертлар гуруҳи ўрганаяпти
Навоий шаҳар прокуратурасига боғланган Озодлик мухбири бу ердаги навбатчи ходимдан: "Бизда ҳали далиллар етарли эмас. Ҳозир вазият ўрганилаяпти, комиссия эса вилоятдан борган, шаҳардан эмас" мазмунида жавоб олди.
Прокуратура ходимига кўра, Navoiyazot заводи йирик корхона бўлгани боис унда содир бўлган шанба кунги портлашни Навоий вилояти ва республикадан борган мутасадди ҳамда экспертлар гуруҳи ўрганмоқда.
Озодлик мухбири Навоий шаҳри ва вилоятининг бир қатор мутасадди идораларидан портлаш тафсилотларига оид маълумотларни олишга муваффақ бўлолмади.
Портлашдан жароҳатланганлар вилоят касалхонасида
Аммо шаҳар ва вилоят касалхоналаридан йиғилган маълумотларга кўра, портлашда жароҳатланганлар бор ва айрим жароҳатланганлар оғир аҳволда вилоят шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.
"Жароҳатланганларнинг ҳаммаси областной больницанинг реанимация бўлимига ётқизилган", деди Навоий вилоят Марказий шифохонаси қабулхонасининг ходими.
Реанимация бўлимида Озодлик қўнғироғига жавоб берган врач эса: "Беморларнинг сони ёки шахсига оид маълумотларни телефон орқали бера олмаймиз", деди.
Шу тариқа шанба куни содир бўлган портлашда жароҳат олганлар ёки қурбон бўлганлар сони ҳақида расмий маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.
Аммо норасмий маълумотларга кўра, портлаш содир бўлган кезда завод ҳудудида шанбалик бўлгани боис бир неча киши куйишнинг оғир кўриниши билан жароҳатланган ва улардан бири шифохонага келтирилганидан сўнг реанимация бўлимида вафот этган.
Портлашдан жабр кўрганларнинг аксарияти - шанбаликчилар
Навоий шаҳридаги шифохоналардан бирининг ходимига кўра, 27 июл куни шаҳар бўйлаб шанбалик эълон қилинган ва завод ишчилари ҳам шанбаликка чақирилган эди.
"Биз ҳам яраланганларнинг ота-оналаридан эшитдик, шанбаликда бўлган пайтда портлаш бўлган экан, деб. Аниғини билмаймиз. Уларнинг ҳаммаси областной больницага ётқизилган. Лекин ҳозир заводни "снб"лар ўраб олган, яқинига ҳам боролмайсиз", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Навоий шаҳридаги шифохоналардан бирининг ходими.
Портлаш ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда
Navoiyazot очиқ акциядорлик жамиятида шанба куни содир бўлган портлаш бир қатор ижтимоий тармоқларда ҳам шов-шувларга сабаб бўлди.
Жумладан, Nav.uz порталида заводнинг ацетилен цехида портлаш содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тилга олинган.
Аммо Google халқаро тизимидаги қидирув орқали чиқиб келган бу саҳифа айни дамда ишламаяпти.
Озодлик Nav.uz портали маъмурияти билан боғланди.
Порталнинг ўзини таништирмаган вакили бу хабарнинг форумчилар орқали ташлангани ва ушбу хабарни чоп этган портал форуми модераторлари билан ҳафтанинг иш кунларида боғланиш мумкинлигини айтди.
Бу ходим порталнинг айни саҳифаси нега ишламаётгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.
Маълумот ўрнида:
Navoiyazot Ўзбекистонда кимё саноати соҳасидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади.
40 йилдан буён ишлаб келаётган бу заводда 70 номдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Булар Ўзбекистоннинг ўзидаги қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ишлатиладиган минерал ўғитлар, енгил саноатда ишлатиладиган бир қатор кимёвий тола ва матолар, олтин ишлаб чиқариш, электрон ва тиббиёт соҳалари учун зарур кўплаб кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.