"Франция суди ўзбек диктаторининг қизи ишларидан хавотирда"

Гулнора Каримова ўзининг садоқатли бизнес ижрочиси бўлган Гаяне Авакян номига расмийлаштирилган Takiland ширкати ҳисоб рақамларига келиб тушган юзлаб миллион долларлик тушумлар боис Европа изқуварлари диққатига тушди.


Париж суди молия бўлими Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан дастлабки текширув бошлади. Гулнора Каримова пул ювиш ва коррупцияга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда суддаги ўз манбасига асосланиб Rue89 нашри 31 июл куни хабар қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни "диктатор" деб атагани учун Ўзбекистон Республикасининг маркази Парижда жойлашган UNESCO даги доимий вакили¸ президентнинг кенжаси Лола Каримова томонидан судга тортилган Rue89 Интернет нашри яна ўз диққатини "диктатор қизлари"га қаратди.

2011 йил 1 июлида Париж суди ҳукми билан Каримовни "диктатор" деб аташ ҳаққини қўлга киритган бу нашрганинг ëзишича¸ француз маҳкамаси ўрганаëтган иш ҳам Швециянинг TeliaSonera уяли алоқа ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириш учун 2007 йилда Гулнора Каримовага яширинча 320 миллион доллар пора тўлагани эҳтимоли билан боғлиқ.

Бу иш бўйича текширув Франциядаги таниқли мутахассис¸ шов-шувли бизнесмен Бернар Тапи ва собиқ Ички ишлар вазири Клод Геан ишини ўрганаётган терговчи Серж Турнэр (Serge Tournaire) зиммасига юклатилган.

Швеция ва Швейцария прокуратураси айни иш бўйича 2012 йил ёзидан бери текширув олиб бормоқда.

Rue89 нашрида чоп этилган хабар муаллифи Камилла Поллони Озодлик билан суҳбатда TeliaSonera ширкати билан боғлиқ текширув кўлами эндиликда Францияни ҳам ўз ичига қамраб олганини айтади:

- Швейцарияда 2012 йилдан бери текширув олиб борилмоқда. Июн ойида швейцариялик прокурор Франция полициясидан ўзбеклар, балки Каримова хонимга тегишли бўлгани тахмин қилинган уйларда рейд ўтказишни сўраган. Шундан сўнг Франция прокурори ўзи текширув бошлашга қарор қилган. Бироқ у ҳозиргача ҳеч қандай иш қилгани йўқ. У фақат иш очди холос, дейди франциялик журналист.

Камилла Поллони суҳбат давомида Франциядаги текширувнинг прокуратура ëки полиция эмас¸ балки Париж суди молия бўлими бошлаганига ҳам ойдинлик киритди:

- Бу иш июл ойи бошида бошланган. Одатда ишни биринчи бўлиб прокурор бошлайди, кейин иш молиявий масалаларга иxтисослашган суд ҳакамларига топширилади, дейди франциялик журналист.

Франциядаги тергов органлари Гулнора Каримовага яқин бўлган тўрт шахсни пул ювиш операцияларига алоқадорликда гумон қилмоқда.

Улардан бири Ўзбекистондаги Coca-Cola ширкатининг собиқ менежери Алишер Эргашевдир.

Эргашев 2012 йил 30 июл куни Швейцарияда қўлга олинган. Орадан уч ой ўтмай гаров эвазига қўйиб юборилган.

Ўтган йил декабр ойигача Алишер Эргашев, терговчилар томонидан Гулнора Каримовага тегишли эканини тахмин қилаётган Франциядаги иккита кўчмас мулк ширкатининг бошқарувчиси бўлган.

Rue89 нашрининг билдиришича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Франция жанубидаги Сен-Тропе (Saint-Tropez) курорти яқинида вилла ва Парижнинг Булон ўрмони яқинидаги XVI округида данғиллама ҳовлига эга.

- Биз Гулнора Каримова Францияда кўчмас мулкка эга эканини биламиз. Францияда уй сотиб олиш учун "Société civile immobilière" (SCI) деб номланган кичик ширкатлар очилади. Гулнора ҳам шундай қилган, дейди Камилла Поллони.

Унга кўра, Гулнора Каримова Сен-Тропе (Saint-Tropez) курорти яқинида вилла сотиб олиш учун "Invest Sudio", Париждаги уйни сотиб олиш учун эса "Invest Service Group" номли ширкатлар очган.

Француз журналистига кўра, иккала ширкатнинг 95 фоизи Гулнора Каримовага тегишли ва Гулноранинг номи Париж тижорат судидаги ҳужжатларда қайд қилинган.

18 июн куни Берн прокуратураси сўровига мувофиқ Франция полицияси Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин қилинган уйларда тинтув ўтказди.

Швейцария полицияси тинтув қаерда ўтказилгани ҳақида матбуотга маълумот беришдан бош тортди.

Яқинда Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги элчиси лавозимини тарк этганидан кейин Гулнора Каримова дипломатик дахлсизлик мақомини йўқотди ва у эндиликда тергов олиб бораëтган Европа ҳуқуқ идоралари томонидан пул ювиш ва коррупцияга алоқадорлик айбловлари юзасидан сўроққа тортилиши мумкин.