Мирзиëев психиатрия тизимини ислоҳ қилишга киришди

Ўзбек киночиси Али Ҳамроев 1991 йил суратга олган "Ким жинни?" қаҳрамони "Ўзбекистондаги жинихоналарни ислоҳ қилиш керак" деган таклифни илгари сурган эди.

Орадан йиллар ўтиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги 207-сонли қарори билан Ўзбекистонда психиатрия хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.


Вазирлар Маҳкамаси раиси Шавкат Мирсиëев имзо чеккан мазкур қарорда 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб, касалларнинг уйига бориб хизмат қиладиган шифокор психиатр ва ўрта тиббий персоналларининг узлуксиз меҳнат стажи учун қўшиб бериладиган максимал устама ҳақ миқдорининг тариф стафкасига қараб 20 дан 30 фоизгача оширилиши таъкидланган.

Бундай қарорнинг шифокорлар ва ўрта тиббий персоналлар моддий аҳволи ва иштиёқини оширишга қаратилгани айтилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида психиатрия хизматининг ташкилий тузилмаси, психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва замонавий ускуналар билан таъминлашнинг асосий параметрлари белгиланган.

Психиатрик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш ишларини янада такомиллаштириш, шунингдек психитария хизмати моддий техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2013-2017 йилларга мўлжалланган давлат дастур ҳам қабул қилингани қарор қиловасидан ўрин олган.

"Руҳий хасталикларга муносабат ўзгариши лозим"

Вазирлар Маҳкамаси қарори муҳокамасида иштирок этган¸ республикадаги руҳий клиникалардан бирининг бош врачи ўз исми айтилмаслик шарти билан Озодлик мухбири билан суҳбатлашди.

Суҳбатдош Ўзбекистон ҳукуматининг ниҳоят бу соҳага ҳам ўз эътиборини қаратганлигидан мамнунлигини изҳор қилди:

- Психиатрияга мана ниҳоят аҳамият берилди президент томонидан. Бундан мамнунмиз.Чунки психиатрия¸ руҳий касалликлар клиникасига давлат томонидан фақат бюджет томонидан ëрдам берилади. Ҳеч қанақа бизларда¸ мисол учун¸ частний нарсалар йўқ. Шунинг учун фақат давлат бюджет ҳисобидан касалхона борми, диспансерлар борми, касалларга дори бериш борми, овқат бериш борми, мисол учунда энди болницаларда, фақат бюджет томонидан ëрдам билан бизлар касалларга ëрдам беришимиз мумкин. Шунинг учун қарорга муносабат жуда яхши. Бу жуда ҳам бир катта ëрдам руҳий касалларга ва бу хасталарни даволайдиган тиббий ходимларга.

Озодлик: Одатда бундай қарорлар умумий гаплар билан тўла бўлади. Сиз Вазирлар Маҳкамаси қарори конкрет қайси муаммолар ечимига ëрдам беради деб ўйлайсиз?

- Қарор муҳокамасида ва дастурни тузишда мен ўзим қатнашганман. Ҳар бир касалхонага нима керак? Ремонтга муҳтож бўлса, таъмирлаш бўлса, таъмирлаш, реконтрукция қурилишлар бўлса, қурилиш, оборудование, аппаратура бўйича таъминлаш бўлса, таъминлаш. Ҳамма нарсага спискалар олинган. Кимга, қанақа, нима керак? Демак 2014 йилдан бошлаб 2017 йилгача бутун республика бўйича руҳий касалларга қарайдиган муассасалар ремонт, оборудование, бошқа у-бу нарсадан 100 фоиз таъминланиши керак шу қарор бўйича. Қарорда конкретно пули ҳам кўрсатилган. Бу жуда ҳам муҳим нарса.

Озодлик: Қарорда психиатрия хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида гап боради. Шу ўринда аҳолининг руҳий касалхоналарга муносабатини ўзгартириш бўйича бирор тадбир режаланганми? Аҳоли шууридаги салбий “жиннихона” тушунчаси ўрнига асаб ва руҳий хасталарни даволайдиган замонавий клиника деган тушунча ўрнашиши учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Энди бунинг учун¸ биринчидан¸ касалхонани замонавий қилиш керак. Одамлар киришга қўрқмайдиган клиника бўлиши керак. Бу биринчи масала. Аҳоли зеҳниятидаги руҳий каслахоналарга муносабатни ўзгартириш борасида гапирсак энди. Биласизми, чет давлат билан бизларда менталитет бошқачароқ. Чет давлатда¸ мисол учун¸ руҳий касал бўлса, шартта олиб боради, кўрсатади, бу нарсадан ҳеч ким уялмайди. Бизларда энди ўзбекчилик. “Ўтиб кетади. Қўшни нима дейди? Маҳалла нима дейди? Буларнинг оиласида руҳий касал бор экан деб қизим бор, унга ҳеч ким келмайди¸ у-бу” деган нарсалар борда.

Агарда болницалар замонавий бўлса, даволаш, дори борми, бошқаси борми, замонавий бўладиган бўлса бу ҳолат секин-секин ўзгариши мумкин. Мисол учун¸ биз ҳозирги пайтда руҳий касаллик, касални дорилар билан 100 фоиз гарантия билан даволаса бўлади¸ деган фикр бор чет давлатларда. Биз ҳам шуни қила оламиз. Лекин бизларда ҳали дори етмайди. Мана қарорда ҳозир дори масаласи ҳам кўрилган. Агар давлатимиз замонавий дорилар сотиб оладиган бўлса, қисман сотиб олаяптику, қўшимча яна оладиган бўлса, бу албатта¸ даволаш жараëнига жуда ҳам бир катта ëрдам бўлади. Касаллар касалхонадан чиқиб кетгандан кейин даволанганини гапиради. Бу эса бизни репутациямизни яхшилайди.

Ҳозир аҳоли орасида “бу психболницага тушган одамлар умуман соғайиб кетмайди, ҳеч қачон оилага ëки ишга қайтиб бормайди, ногирон бўлади” деган фикр бор. Бу фикрни ўзгартиришимиз керак. Бу фикрни ўзгартирадиган бўлсак, албатта¸ бу ҳаммамизга фойда бўлади. Кўз қараш ҳам ўзгаради. Аҳолининг руҳий касалхоналарга, руҳий касалларга муносабати тубдан ўзгаради¸ деб ўйлайман.

Озодлик: Айни пайтда Ўзбекистонда руҳий касалларни даволайман¸ деган табиблар урчигани кузатилади. Масалан¸ Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Юсуф Ҳамадоний” зиëратгоҳида руҳий касалларни занжирга бойлаб уриб даволаëтгани ҳақида гап-сўзлар бор. Ўзбекистонда табиблик ҳужжатини олганларнинг аксарияти руҳий касалларни “ўқиб қўйиш” билан шуғулланишаëтгани айтилади. Сизнинг бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Xаста одам умидвор бўлади. Одамларниng бу интилишини қандай баҳолаймиз? Одамлар ким, қаерда, нима любой бир нарсага эртага борасан, соғайиб келасан, деса бораверади. Албатта, бу тўғри эмас. Мисол учун, мен табибларга, бошқаларга ишонмайман. Ўқитганмиз, у-бу деган гап қиладиган бўлса, мен айтаманки, агарда ўқитишдан руҳий касаллар фойда кўрадиган бўлса, биз мана шу ерга, каттагина касалхонага домлани ишга олиб қўярдикда, ҳар битта касални ўқиб ўтирарди. Аммо ҳозир клиникада бирорта домла йўқ, ҳамма доктор.

Озодлик: Кўпчилик руҳий хасталар азайимхон ëки домлага “ўқиттирганидан” кейин тузалганини айтишади. Бунга нима дейсиз?

- Энди бу ерда бошқа томони ҳам бор. Мана мисол учун¸ енгил руҳий асаб касалликлари бор, психотерапияга муҳтож, мисол учунда энди. Баъзи пайтларда енгил руҳий касал ҳолатларига домлалар, психотерапевт ўрнигада энди, касал агар домла ўқийди, менга фойдаси бўлади деб ишониб борса домлага, фойдаси ҳам бўлиши мумкин. Мен тушунтира олдим-а? Оғир касалларга ҳеч қанақа домла, бошқа, ҳеч қанақа бир нарсага солиб занжирга бойлаб даволагани билан ҳеч қачон фойдаси бўлмайди¸ дейди Вазирлар Маҳкамаси қарори муҳокамасида иштирок этган¸ республикадаги руҳий клиникалардан бири бош врачи Озодлик билан суҳбатда.

Жазо психиатрияси борасидаги хавотирлар

Ўзбекистондаги руҳий касалликлар клиникаларида бир неча бор мажбуран даволанган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева руҳий касалхонага муносабат тубдан ўзгариши учун бу тизимнинг ўзини ислоҳ қилиш зарурлигини айтади:

- Бу ëпиқ бир тизим. У ерда касалнинг ҳеч бир ҳақ-ҳуқуқи йўқ. 2003 йилда мен руҳий касалхонада эканимда¸ ëнимга БМТ нинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен кириб суҳбатлашганида бу тизим ислоҳ қилиниши керак¸ деган таклифни айтган эдим. Ван Бовен бу таклифни ўз тавсияларига киритди. Ниҳоят шунча йил ўтиб психиатрия тизими ислоҳ бўлаëтганидан мамнунман. Лекин тўғриси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонда психиатрия хизмати фаолияти яхшиланишига ишонмайман. Бу қарор фақат декларатив мазмунда¸ деб ўйлайман дейди суҳбатдош

Ўзбекистон психиатрия хизмати совет давридан бери исталмаган шахсларни изоляция қилишга мўлжалланган “жазоловчи тиббиëт” сифатида кўриб келинади.

1972 йилда Ўзбекистонда бир нечта республикага хизмат кўрсатувчи Республикалараро руҳий касалхона ташкил қилинди. Бу касалхона Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро қилиш идораси таркибида бўлиб¸ руҳий муаммоси бўлган маҳкумларни даволашга ихтисослашган.

Бу муассасада совет ҳукуматига қарши гапирган диссидентларни “даволашган” деган эди бу муассасада бир муддат ўзи ҳам “даволанган” ўзбек рассоми Ҳикмат Ғуломов Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин психиатрия хизмати “жазоловчи тиббиëт” тамғасидан қутула олмади.

2002 йилда Адлия вазирлиги олдида мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб норозилик пикети ўтказган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева сал ўтмай руҳий касаллар шифохонасига мажбуран жойлаштирилган эди.

Ана шундан кейин россиялик ҳуқуқ фаоли Ольга Краснова Россия Фанлар академияси қошидаги Мустақил психиатрлар уюшмаси тарафидан тузилган мутахассислар ҳайъати тарафидан Елена Урлаева руҳий ҳолати текширилишини ташкил қилди.

2003 йилда Москвадаги мутахассислар ҳайъати Елена Урлаеванинг руҳий саломатлигини кўрикдан ўтказиб уни руҳий соғлом деб топганлар.

Бу ҳолатдан кейин Ўзбекистон психиатрия хизмати “жазоловчи тиббиëт” воситасида исталмаган шахсларга қарши курашмоқда¸ деган иддаолар яна кучайди.

2007 йили жиззахлик Жамшид Каримов руҳий касалҳонада мажбурий даволаниш учун ëтқизилди.

Бу борада Жиззах шаҳар суди қарори бўлишига қарамасдан¸ журналистнинг ўз касбий фаолияти учун руҳий касалхонага ëтқизилгани ҳақида ташвиш билдирилди.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Жамшиднинг жисмоний ва руҳий ҳолати унга мажбурий қўлланилаётган кимëвий дори ва муолажалар боис ëмонлашганини ëзган эди.