27 июлдан бери Москва бозорларида олиб борилаётган полиция рейдларида қўлга олинган муҳожирлар учун махсус чодир шаҳарча қурилди. Шаҳарнинг Голяново туманида жойлашган бу лагернинг 900 кишини қабул қилиши айтилмоқда. Расмий хабарларга кўра, олиб борилаётган “тозалаш” амалиётлари натижасида аллақачон 3,5 мингдан зиёд ноқонуний муҳожир ҳибс этилган.
Москва шарқида жойлашган Голяново туманида маҳаллий полиция бошқармаси МЧС хизматчилари ёрдамида депортация лагери барпо қилди.
Москва полициясининг Жамоатчилик тартибини сақлаш бошқармаси раҳбари Вячеслав Козлов журналистларга 900 кишини сиғдира оладиган лагерда вақтинчалик яшаш учун барча қулайликлар яратилаётганини билдирди:
- 2 кун ичида 2,5 мингдан зиёд одам ҳибс этилди ва бугун ҳам тозалаш ишлари майда савдо бозорларида давом этди. Бугуннинг ўзида турли маъмурий жиноятларни содир этганликда гумонланаётган яна минг киши ушланди. Агарда бошқа стационар биноларда жой қолмасагина, қонунбузарлар бу ерга юборилади, деди Вячеслав Козлов.
Москва шаҳар Миграция хизмати расмийси Татьяна Дмитриева суднинг депортация тўғрисида қарори чиқиши билан, маҳбуслар лагер ҳудудидан чиқарилишларини маълум қилди.
Озодлик мухбири боғланган пойтахт полицияси расмийси олиб борилаётган амалиётлар давомида қанча хорижлик, жумладан ўзбекистонликнинг қўлга олингани ва уларнинг қаерда сақланаëтгани ҳақида маълумот берилмаслигини билдирди.
“Ҳужжати жойида бўлган муҳожирлар текширилиб, қўйиб юбориляпти”, деди ўзини таништирмаган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходими.
Бошқарма вакили ҳозирда “зачистка”га кўнгилли дружиначилар ҳам жалб қилинганини қўшимча қилди.
Пойтахт полицияси 31 июл куни олиб борилаëтган “шаҳарни номақбул элементлар ва ноқонуний мигрантлардан тозалаш” (журналистлар бу амалиётга аллақачон “зачистка” деб ном берди) рейди натижасида иммиграция қонунчилигини бузганликда гумонланган 1400 шахс ҳибс этилганини билдирди.
Расмий баëнотга кўра¸ Иртишская тор кўчасида жойлашган омборхона ҳудудидаги саноат цехларида меҳнат қилаётган 1200 вьетнамлик, Советская кўчасида – Ўзбекистон, Миср, Марокаш, Сурия, Қирғизистон, Озарбайжондан келган яна 200 тача фуқаро ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келгани аниқланган.
Озодлик олган маълумотларга кўра¸ ҳибс этилганларнинг аксарияти Москванинг учта маъмурий округ ҳибсхоналарида сақланмоқда.
1 август куни “Ноқонуний мигрант” амалиёти давомида Москвада қурилиш ишлари билан шуғулланаётган “ЕНКА” турк фирмаси ишчилари ҳам ҳибсга олинди. Асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган 1380 нафар меҳнат муҳожири полиция бўлинмасига олиб келиниб, миграция қонунларини бузиш юзасидан 1310 та маъмурий протокол тузилди.
Москва полицияси расмийси Озодлик мухбирига турк фирмасининг “ноқонуний миграцияни ташкил этганлик” айби билан жиноий жавобгарликка тортилганини билдирди.
Бу хабар баробарида¸ Россиядаги йирик турк қурилиш ширкатларидан бири саналган "Ренейссанс Констракшн" компанияси хизматчиси Озодликка боғланиб¸ 2 августга ўтар кечаси бу ширкат қурилишларидан бирида ишлаб келган 2000 дан зиëд муҳожирнинг олиб кетилганини хабар қилди. Бу манбага кўра¸ куч билан олиб кетилганларнинг аксари қонуний меҳнат қилаëтган ўзбекистонликлардир.
Озодлик мухбири боғланган Москвадаги Туркия элчихонаси расмийси¸ элчиликнинг турк қурилиш ширкатларида олиб борилаётган “зачисткалар”дан хабардорлиги, бироқ вазиятга ҳозирча ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини маълум қилди.
Тожикистон ва Қирғизистон элчихоналари ҳибсга олинган ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон элчихонаси ва консуллигидан бу масала юзасидан бирор изоҳ олишнинг иложи бўлмади.
Сўнгги маълумотларга кўра¸ 2 август куни тушдан сўнг Москванинг шимолий маъмурий округидаги Хорошевский шоссесида яна 1675 та марказий осиёлик ва туркиялик меҳнат муҳожири ҳибс этилган.
Москва савдо марказлари ва бозорларида қизғин давом этаëтган “тозалаш ишлари”га Россия президенти Владимир Путин ҳам муносабат билдирди. У “ҳукумат идораларининг савдо ва савдогарлар билан бирлашиб кетаётганини” “Москванинг энг катта муаммоси”, деб баҳолади ва Россия Тергов қўмитасига бу соҳада оммавий текширувларни олиб боришни буюрди.
Россия раҳбарининг бу буйруғи ортидан Москва полицияси орасида ҳам “тозалаш” ишлари бошланди. 1 август куни Измайлово ва Голяново туман полиция раҳбарлари ўз лавозимидан озод қилингани, яна тўртта юқори лавозимли офицер ишдан бўшатилгани маълум бўлди.