АҚШ террор таҳдиди туфайли қатор элчиликларини вақтинча ёпди

АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси.

Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларидаги 19та элчихонаси ва консуллиги террор ҳуружлари таҳдиди боис 10 августга қадар ёпиқ қолишини маълум қилди.

Якшанба куни 15та дипломатик ваколатхона ёпилган эди. Бу рўйхатга яна тўртта ваколатхона қўшилди.

Якшанба куни ёпилган дипломатик миссияларнинг базилари, жумладан Бағдод, Кобул ва Жазоирдаги элчиликлар душанба куни очилиши кутилаётган эди.

Вашингтонда Ал-Қойда тармоғи томонидан уюштирилиши эҳтимолига оид разведка ҳисоботини тинглаган конгресс вакиллари мазкур маълумотларни 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан бери олинган энг жиддий ҳисобот дея атади.

Британия ва Франция пайшанба куни Рамазон ҳайити ўтганга қадар Ямандаги элчихоналари ёпиқ қолишини билдирди.

Айни пайтда, АҚШ ва Интерпол ҳам жаҳон бўйлаб сайёҳлар учун хавфсизликка оид огоҳлантирувларни эълон қилди.

Огоҳлантирувлар тўққизта мамлакат, жумладан Ироқ, Ливия ва Покистондаги қамоқхоналардан юзлаб Ал-Қойда жанггариси қочиши ортидан эълон қилинди.