Путиннинг дала ҳовлисини текширган экологлар қамоққа ҳукм қилинди

Россиянинг Геленжик курорт шаҳрида тўрт нафар атроф муҳит ҳимоячиси товламачиликда айбдор, деб топилди. Россия матбуотининг душанба куни хабар қилишича, Зуфар Очилов, Владимир Иванов, Валерий Семергей ва Гагик Авенсянлар 8 йилдан 13 йилгача бўлган қамоқ муддатларига ҳукм қилинган.

Эколог фаоллар ўтган йилнинг феврал ойида, Қора денгиз соҳилида жойлашган курорт шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин ва Рус православ черкови патриархи Кириллга қарашли экани иддао қилинган дала ҳовлилари қурилиши билан боғлиқ текширувни ўтказаётган пайтда ҳибсга олинган эди.

Тўрт нафар фаолга ҳукм қачон ўқилгани номаълум қолмоқда. Суд экологларни қурилиш ширкати қонунбузарликларини хаспўшлаш эвазига катта миқдорда пора олганликда айбдор деб топди.

Фаоллар ўзларига қўйилган айбловларни инкор қилиб, ҳибсдалиги пайтида қийноққа солинганини айтиб келади.