Amazon.com раҳбари Washington Post'ни сотиб олмоқда

Жефф Безос Amazon.com ширкатининг Kindle Fire электрон китобчалари тақдимотида.

Таниқли интернет магазини Amazon.com раҳбари Жефф Безос Washington Post газетасини барча иловалари билан 250 миллион АҚШ долларига сотиб олмоқда.

Бу ҳақда газета раҳбарияти душанба куни маълум қилди.

Безос АҚШдаги нуфузли газеталардан ҳисобланмиш Washington Post учун ўзининг шахсий банк ҳисобидан пул тўлаши ва Amazon.com'нинг бу олди-соттига алоқаси йўқлиги айтилмоқда.

Газета раҳбарияти Безосни технология ва бизнес даҳоси дея атади ва унинг Washington Post'ни сотиб олганидан мамнунлигини билдирди.

Жефф Безос душанба куни берган баёнотида газетанинг Вашингтондаги мухим ролини тушунишини ва нашр қадриятлари ўзгармай қолишини билдирди.

Washington Post АҚШдаги энг нуфузли газеталардан биридир. Газетанинг якшанба кунги адади 838 мингни ташкил этади.

Газета журналистлари жами 47 марта Пулицер мукофотига сазовор бўлишган.