Руҳоний: Эрон Ғарб билан жиддий музокараларга тайёр

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ўз мамлакати ядровий дастури борасида Ғарб давлатлари билан “жиддий музокаралар”га тайёр эканини баён қилди.

Руҳоний бу ҳақда Эрон президенти вазифасини расман қабул қилиб олганидан бери Теҳронда илк бор ўтказган матбуот анжуманида таъкидлади.

Эрон раҳбари агар барча томонларда сиёсий ирода бўлса, ядро дастури борасидаги баҳс ҳал этилиши мумкинлигини урғулади.

Қўшма Штатлар ҳозиргача Теҳронга турли ишоралар қилиб келаётганини айтган президент Ҳасан Руҳоний Эронга нисбатан яқинда жорий қилинган санкциялар аксил натижа беришини қўшимча қилди.

Эрон президенти янги санкциялар жорий қилиш таҳдиди эмас балки, дипломатия музокараларни боши берк кўчадан чиқаришини таъкидлади.