АҚШ Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги дипломатик ходимларини эвакуация қилмоқда

АҚШ Давлат департаменти Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги АҚШ консуллигининг иккиламчи ходимларига консуллик биносини тарк этишни буюрди.

Давлат депратаменти пайшнба куни кечқурун эълон қилган баёнотда айтилишича, мазкур қарорга “аниқ таҳдидлар борлиги” сабаб бўлган.

Исломбоддаги АҚШ элчихонаси матбуот вакили Меган Грегонис таҳдидларга оид хабар жорий ҳафта бошида Американинг Яқин Шарқ ва Африкадаги бир нечта мамлакатда дипломатик ваколатхоналари ёпилишига сабаб бўлган террор таҳдидларига боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, Лаҳордаги ходимлар консуллик қайта очилгунига қадар Исломободга эвакуация қилинмоқда.

Давлат департаменти, шунингдек, “бир нечта хориж ва маҳаллий террор гуруҳлари” тарафидан таҳдид борлиги боис, АҚШ фуқароларига Покистонга ортиқча эҳтиёжсиз сафар қилишдан тийилишни масалаҳат қилди.