Россия Қозоғистондан Украина шоколадига тақиқ жорий қилишни сўрамоқда

Рошен ўз маҳсулотларини собиқ Совет республикалари ҳамда Канада, Германия, Исроил ва АҚШ каби мамлакатларга экспорт қилади.

Россиянинг истеъмол молларини назорат қилувчи Роспотренадзор идораси Қозоғистон расмийларидан Украинанинг Рошен қандолатчилик фабрикаси маҳсулотлари импортини тақиқлашни сўради.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари мазкур ширкат маҳсулотлари экспертизадан ўтказилаётгани ва унинг натижалари маълум бўлгач бу борада қарор чиқарилишини эълон қилди.

Роспортебнадзор Рошен фабрикаси маҳсулотлари импортини 29 июл куни, унда ишлаб чиқарилган шоколад таркибида одам организми учун зарарли бўлган бензопирин карцероген моддаси топилди, деган важ билан тақиқлаб қўйди. Рошен ширкати бу иддаоларни рад этди.

Ўзбекистон давлат санитария эпидимиология назорати маркази жорий ҳафта Рошен ширкатининг Ўзбекистонга келтирилаётган қандолат маҳсулотларида ҳеч қандай сифат бузилиши ҳолатлари аниқланмагани, шу боис ҳам, мазкур бренд остига тарқатилаётган маҳсулотларга тақиқ қўйилмаслигини эълон қилди.

Беларус, Қозоғистон, Молдова ва Тожикистон ҳукуматлари ҳам ўтган ҳафта Рошен маҳсулотларини экспертизадан ўтказа бошлади. Дастлабки натижаларга кўра, бу маҳсулотларда зарарли моддалар топилмагани айтилди.

Украинанинг Рошен ширкати ўз маҳсулотларини собиқ Совет республикалари ҳамда Канада, Германия, Исроил ва Қўшма Штатлар каби мамлакатларга экспорт қилади.