Қоҳирада собиқ президент тарафдорларининг намойишлари полиция тарафидан тарқатилди

Қоҳирада полиция кучлари исломчилар тарафидан уюшитрилган иккита намойишни тарқата бошлагач, Мусулмонлар Биродарлиги ҳаркати мисрликларни “қирғинни тўхтатиш” учун кўчага чиқишга чақирди.

Қоҳиранинг иккита ҳудудида ҳокимиятдан четлатилган ва Мусулмонлар Биродарлигига дохил президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари бир неча ҳафтадан бери ўтирган ҳолда намойишларни давом эттираётган эди.

Чоршанба куни полиция Рабаа ал-Адавия масжиди ва Наҳда майдонидаги намойишчилар лагерларини куч билан тарқата бошлагани натижасида, бир неча одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. Баъзи хабарларга кўра, камида 15 одам ўлгани, бошқа хабарларда эса қурбонлар сони 30дан ортиқ экани айтилмоқда.

Бироқ, расмийлар намойишчилардан ҳеч ким ҳалок бўлмагани, амалиёт пайтида камида икки полициячи қурбон бўлганини айтмоқда.

Миср Ички ишлар вазирлиги Наҳда майдонидаги намойишчилар лагери хавфсизлик кучлари назоратига ўтганини баён қилди.

Намойишлар 3 июл куни Мурсий ҳокимиятдан четлатилганида бошланган эди.