Ўзбекистон Сўх ва Шохимардон билан Қирғизистон ўртасидаги чегараларни ёпгани айтилмоқда

Ҳозирча, чегара пунктлари ёпилгунига қадар қўшни мамлакатга ўтган фуқароларгагина ўз мамлакатига қайтишга рухсат берилмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилояти ичида жойлашган Сўх ва Шохимардон эксклавларидаги чегара ўтиш пунктларини ёпиб қўйди.

Бу ҳақда қирғиз матбуоти, Боткен вилояти расмийларига таяниб, хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ҳар йили 1 сентябр - Мустақиллик куни нишонланишидан бир неча кун аввал хавфсизлик важидан қўшни мамлакатлар билан чегараларни ёпиб қўяди. Бу йил мазкур чора одатдагидан вақтлироқ кўрилмоқда.

Ўзбекистон чегара хизмати назорат-ўтиш пунктлари қачонгача ёпиқ қолиши, улар очилгунига қадар Сўх ва Шохимардон эксалвлардаги Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатнинг асосий қисмига борди-келдиси қандай амалга оширилиши борасида изоҳ берганича йўқ.

Ҳафта бошида Ўзбекистон, тегишли тарзда аввалдан огоҳлантирмаган ҳолда, Қирғизистон билан чегарадаги “Дўстлик” назорат-ўтиш пунктини ёпиб қўйган эди.

Ҳозирча, чегара пунктлари ёпилгунига қадар қўшни мамлакатга ўтган фуқароларгагина ўз мамлакатига қайтишга рухсат берилмоқда.