Якшанбадан бери Тошкентда бензин тақчиллиги кузатилмоқда

Тошкентда бир неча ойдан бери АЁҚШларда машиналарнинг турнақатор навбати кўринмай қолган эди.

18 августдан бошлаб Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллиги юзага келди. Жойлардан олинган маълумотларга қараганда, кейинги кунларда ёнилғи тақчиллиги айрим вилоятларда ҳам кузатилмоқда. “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси вакили вазиятни изоҳлашни истамади.



Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкорларидан бири пойтахт ёнилғи шохобчаларида вужудга келган вазиятни мана бундай тасвирлади:

- Кеча кечга яқин заправкалар олдида навбат икки-уч километрга чўзилиб кетди. Бир хил заправкалар йўлни умуман ёпиб қўйди. Бугун (19 август – таҳр.) эрталаб ҳам навбат катталигини, бироқ кеча кечқурунгичалик эмаслигини кўрдим. Кеча, масалан, Қоратош мавзеидаги заправка олдида, Кўкчадан “Истиқлол” саройига кетадиган йўлдаги 5 та полосанинг тўрттаси тўхтаб қолди. Чунки бензинга навбатга турган машиналар кўчагача чиқиб кетган эди. Қўйлиқдаям шунақа ҳолат кузатилди. Бугун эрталаб навбат бироз қисқаргандай. Ҳар бир қаторда 20, 30 тадан машина турибди, деб хабар қилди Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкори.

Озодлик мухбири пойтахтдаги бир қатор ёнилғи шохобчалари билан боғланди.

- Бизда ҳозир ҳам очередь. Ҳар кунгидан кўпроқ. Сабабини билмадим,- деди шохобча ходими.

Бошқа шохобчалар вакилларидан ҳам айнан шу тахлит гап эшитдик.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган тингловчимизнинг айтишича, ёнилғи бу вилоятда ҳам тақчил. “Бизда бензин ҳам, дизель ёнилғиси ҳам тақчил”, деди у.

Сирдарёлик Ҳусниддин эса, куни кеча Тошкентга кетаётиб кузатгани манзарани тасвирлаб берди.

- Сирдарёда, бетонкада (Тошкент йўли – таҳр.) катта заправка бор. Навбатда 21 та машина турганини санадим. Машинамиз ёнилғи қуйиб чиқишини 1 соату 20 минут кутдик, деди Ҳусниддин.

Айни пайтда, маълумотларга қараганда, Фарғона вилояти туманларида ёнилғи тақчиллиги сезилгани йўқ. Ҳар ҳолда 19 август куни эрталаб “шохобчаларда навбат йўқ эди”, дейишди фарғоналиклар.

Бироқ вилоят марказида кейинги пайтларда ёнилғи тақчиллиги кузатилгани, “заправкалар навбати билан ишлагани, бу ҳолат шаҳарда олиб борилаётган кенг кўламли реконструкция ишлари билан изоҳлангани” айтилди.

Тошкентда ва айрим вилоятларда кузатилаётган тақчиллик сабабларини сўраб, “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси диспетчерлик хизмати билан боғландик.

Хизмат вакили саволимизга жавоб беришни истамади.

- Бунақа маълумот сизга берилмайди, деди у.

Лекин айни пайтда “бензин тақчиллиги йўқ”, дегани ҳам йўқ.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, шу кунларда кузатилаётган тақчиллик пахта йиғим-теримига тайёргарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ бу фикрга таҳлилчи Абдусалом Эргашев қўшилмайди.

- Худди шундай сабаб билан олдинги йилларда вилоятларда бензин камайтирилса, Тошкентда бундай бўлмас эди. Тақчиллик сабаби бошқа нарса билан боғлиқ бўлса керак. Тошкентни бензин билан Чиноздаги “Пахта” нефть базаси таъминлайди. Ўша жойда текширув бошланган ёки таъминотда узилиш юз берган бўлиши мумкин, деди таҳлилчи Абдусалом Эргашев.

Кейинги кунларда кузатилаётган ёнилғи тқчиллигига Ўзметроном сайти ҳам эътибор қаратди. Сайт фикрича, тақчиллик мамлакат ўз бошидан “энергетик бўҳронни кечираётгани” билан изоҳлади.

“Ўзметроном”га кўра, бу бўҳрон пойтахтда вилоятлардаги даражада сезилмаяпти. Сайт вилоятларда ёнилғи Тошкентдагидан 66 фоизга қимматлиги тўғрисида ҳам ёздики, Озодлик ўз вақтида бу мавзуни жорий йил баҳорида ёритган эди.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшайдиган тингловчимиз 19 август куни бундай деди:

- Ҳозир 1 литр солярка 6 ярим минг сўм. Бензин 1 литри 4 минг сўм. 2 ой олдин бензин 3, солярка 5 минг сўм эди. Машиналарнинг кўпи газга ўтказилган.