ЕИ вазирлари Миср бўҳронини муҳокама қилади

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари чоршанба куни Мисрдаги бўҳронни муҳокама қилиш учун Брюсселда йиғилади.

Улар Миср ҳарбийлари ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг норозилик чиқишларини бостирганидан сўнг Қоҳирага берилажак ёрдамни тўхтатиш-тўхтатмаслик масаласини муҳокама қиладилар.

Мисрнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлган ЕИ ўтган йили Мисрга қарз ва ёрдам тариқасида 5 миллиард евро ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига олганди.

ЕИ вакиллари Брюсселдаги учрашувда Мисрга қурол-аслаҳа етказиб беришга нисбатан эмбарго жорий қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилишини билдирганлар.

Сешанба куни АҚШ президенти Барак Обама Мисрга йил сайин бериб туриладиган 1,5 миллиард долларлик ёрдамни қисқартириш масаласини муҳокама қилиш учун миллий хавфсизлик бўйича ўз маслаҳатчилари билан учрашган.