Сурия ҳукумати кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги иддаларони рад қилди

Сурия ҳукумати армия қисмлари Дамашқ яқинидаги исёнчилар назоратида бўлган ҳудудларни бомбардимон қилишда “заҳарли газ” қўллаганига оид мухолифат иддаоларни рад қилди.

Сурия давлат телевидениеси чоршанба куни эрталаб ҳукумат кучлари “заҳарли газ” жойланган ракеталар билан ҳужум уюштиргани ҳақидаги хабарлар “ҳақиқатдан йироқ”, дея билдирди.

Ундан олдин қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти кимёвий қуроллар ҳужумида ўнлаб одам нобуд бўлганини хабар қилиб, Сурияга борган БМТ экспертларидан бу воқеани текширишни сўради.

Сурия мухолифатидаги Маҳаллий мувофиқлаштириш қўмитаси ҳужумда юзлаб одам ўлганини билдирди.

Сурия давлат телевидениеси мухолифатнинг иддаолари якшанба куни Сурияга икки ҳафталик текширув миссияси билан келган БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертлар гуруҳини чалғитишга қаратилган, дея таъкидлади.

Сурия ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари бир-бирини мамлакатда икки ярим йилдан бери давом этаётган урушда кимёвий қуроллардан фойдаланганликда айблаб келмоқда.