Қозоғистон меҳнат муҳожирларига рухсатнома беришни осонлаштирмоқчи

Қозоғистон парламенти муҳокамасига киритилган бу ташаббусга кўра, рухсатноманинг қозоғистонлик жисмоний шахслар томонидан ёлланган муҳожирларга берилиши кўзда тутилган.

Қозоғистон Миграция полицияси якка меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган муҳожирларга Россиядаги патентларга ўхшаш рухсатнома жорий қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳар Миграция полицияси бошқармаси раҳбари Гулвира Доненбаева Озодлик мухбири билан суҳбатда Қозоғистон Мажлисига киритилган янги қонун лойиҳаси ноқонуний муҳожирлар сонини камайтиришга қаратилганини гапиради.

“Бу Россия ва Беларус фуқароларига тегишли эмас, асосан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келаётган меҳнат муҳожирларига қонунан қайддан ўтиб меҳнат қилишни осонлаштиришга қаратилган”, дейди полиция департаменти раҳбари:

- Ҳозирда хориж фуқаролари ишлаш учун¸ Қозоғистон қонунчилигига биноан¸ лицензияга эга бўлиш зарур. Меҳнат муҳожирларига кўмак тарзида ишлаб чиқилган янги қонун қабул қилинса, хусусий томорқа, уй ва коттеж қурилишида ишлатишга, уй хизматкори, бола қаровчи, маиший хизмат соҳасида ёлланаётган шахсларга ишга рухсатнома осонлаштирилган тарзда берилади. Аммо бу янгилик юридик ташкилот ва шахсларга тегишли эмас, дейди Гулвира Доненбаева.

Остона Миграция полицияси раҳбари қатор мутахассис ва миграция полицияси ходимлари кўмагида ишлаб чиқилган бу қонун лойиҳаси Сенат муҳокамасидан ўтгач¸ йил охирида қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилди. У охирги пайтларда мамлакатда кўпайиб бораётган ноқонуний муҳожирлар сони бундай ташаббус билан чиқишга ундаганини таъкидлади:

-Бу Россияда қабул қилинган патент тизимига ўхшаб кетади, лекин уни олиш ундан ҳам осонроқ: тилдан имтиҳон топширишнинг кераги йўқ, тўлови ҳам нисбатан анча камроқ – хато қилмасам, 3 000 тенге атрофида. Миграция хизмати бу таклифни киритди, қонун чиқарувчилар қандай ўзгартишларни киритади – буни кейинроқ кўрамиз. Қолаверса, улардан тушган даромад давлат хазинасига кетади, номаълум кимсалар чўнтагига эмас, деди Озодликка пойтахти Остона шаҳар Миграция полицияси бошқармаси раҳбари Гулвира Доненбаева.

Қозоғистон Миграция бошқармаси расмийси мамлакат миграция соҳасида ўрнатилаётган янги қоидалар Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд доирасида Россия Федерацияси томонидан олиб борилаётган миграция ислоҳотларига мувофиқ тарзда жорий этилаëтганини ҳам қўшимча қилди.

Бугунги кунда Қозоғистоннинг миграция соҳасидаги сиёсати “Аҳоли миграцияси тўғрисида” ва “Хорижликларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида” деб номланган қонунлар ёрдамида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Бу масала юзасидан қилган чиқишида, Қозоғистон ИИВ Миграция полицияси департаменти бошлиғи Серик Саинов¸ 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қозоғистонга кириб келган 391 минг МДҲ фуқаросидан 242 мингги Ўзбекистондан келганини маълум қилди.