АҚШ Сурияда кимёвий қурол ишлатилганини ишонч билан айта олмайди

Сурия мухолифати ҳукумат кучларининг кимёвий қурол қўллагани оқибатида камида 500 киши ўлганини айтмоқда.

Қўшма Штатлар Сурияда қўлланилган газ кимёвий қурол эканини ҳозирча ишонч билан айта олмайди.

АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, Вашингтон расмийлари Сурия пойтахти Дамашқ яқинида содир этилган гўёки газ ҳужуми юзасидан далил-исботларни топиш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Қўшма Штатлар Сурия мухолифатининг ҳукумат кучлари кимёвий қурол қўллагани тўғрисидаги иддаосини текшириш учун АҚШ махсус хизматларига кўрсатма берган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия ҳукуматини мамлакатда ишлаётган БМТ кузатувчиларини газ ҳужумлари уюштирилгани айтилаётган ҳудудларга қиришига рухсат беришга чақирди.

Сурия мухолифати Башар Асадга содиқ кучлар кимёвий қурол қўллагани оқибатида Дамашқ яқинида 500 дан 1300 гача одам ҳалок бўлганини иддао қилмоқда. Мустақил манбалар бу маълумотларни тасдиқлагани йўқ.