Қирғиз дипломатлари ўзбекистонлик ҳамкасбларидан изоҳ сўрамоқда

Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси биноси.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон элчихонасининг биринчи котиби М. Хайриддинов ва унинг ҳамроҳлари Бишкек марказида қирғизистонлик Ж. Қадировга тан жароҳати етказганини иддао қилиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота жўнатди.


Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотда 23 август куни соат 01.20 ларда Бишкекдаги Раззоқов кўчасида жойлашган “Москва” кафеси қаршисида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчисига тегишли "Тойота Прадо” русумли автомобил (қайд рақами CMD 111) ВАЗ-2106 автомашинаси билан тўқнашиб кетгани, ҳодисадан ғазабланган маст ўзбек дипломатлари Жигули рулида ўтирган Ж. Қадировга тан жароҳати етказгани айтилади.

Қирғиз дипломатларига кўра, айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда, вазирлик эса бу бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота жўнатган. Вазирлик матбуот хизмати ходимлари воқеага оид барча маълумот 26 август куни тарқатилган матбуот варақчасида ўз аксини топганини рўкач қилиб, бу борада қўшимча маълумот бера олмасликларини айтдилар.

Озодлик воқеа тафсилотларига оид маълумот олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси билан ҳам боғланди. Аввалроқ бу борада тушдан кейин мурожаат қилиш мумкинлигини айтган элчихона ходимаси айтилган вақтда қўнғироқ қилганимизда саволларимизга жавоб бериши мумкин бўлган матбуот котиби иш жойида эмаслигини маълум қилди.

Раззоқов кўчасида содир бўлган автоҳалокат ва ундан кейинги можаролар ҳақида хабар қилган “Вечерний Бишкек” газетаси ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таянган ҳолда, жанжалга Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов ҳамда ўзбек консули аралашгани ҳақида ёзди.

ВБ хабарида ўзбек дипломатларига тегишли "Тойота Прадо” автомобили тўхташ жойидан шитоб билан қўзғалгани натижасида ВАЗ-2106 автомашинаси билан тўқнашиб кетгани, элчихона машинасида тушган кишилар миллий мансубиятга дохил таҳқирли ва уят сўзлар билан сўкиниб, Жигули ҳайдовчисини калтаклай кетганлари ҳақида ёзилади.

Хабарга мувофиқ, буни кўрган маҳаллий таксичилар милиция чақирганлар ва дипломатларни тинчлантиришга уринганлар. Автоҳалокат содир бўлган жойга келган Бишкек шаҳар Йўл-патрул хизмати ходимлари ҳодисани қайдга олганлар. Воқеа жойига келган Биринчи май туман ички ишлар бўлими ходимларига эса ўзбек дипломатлари ўз мастлигини ҳамкасбларидан бирининг туғилган кунини нишонлаганлари билан изоҳлаганлар.

Бироқ бу тафсилотлар, хусусан, жанжалга элчи Комил Рашидовнинг аралашгани Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида акс этмаган.

Кечга яқин АКИпресс ахборот агентлиги ўзбек дипломатлари томонидан калтаклангани айтилаётган Жигули ҳайдовчиси Ж. Қадиров ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганини хабар қилди. Хабарга мувофиқ, тартиб посбонлари жабрланувчи Қадировга дахлсизликка эга бўлган ўзбек дипломатини тўғридан-тўғри сўроққа чақира олмасликлари, бу ишга Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги аралашиши лозимлигини билдирганлар. Вазирлик эса, юқорида зикр этилганидек, тарқатган маълумоти хорижида бошқа изоҳ беришдан ҳозирча тийилиб турибди.

Бу ўзбек ва қирғиз дипломатлари ўртасида кузатилаётган биринчи жанжал эмас. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида август ойи бошида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Қанатбек Шаршенбек Тошкентда ўзбек шифокорларини ҳақорат қилгани ва ўзбекларни камситувчи, миллатлараро нафратга асосланган чақириқларни айтгани ҳақида хабарлар берилганди. Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги масалага ойдинлик киритиш мақсадида Шаршенбекни Бишкекка чақириб олганди. Кейинроқ Қирғизистон ТИВ раҳбарияти дипломатга нисбатан илгари сурилган айбловлар ҳақиқатга мувофиқ эмас, дея хулоса чиқарган ва унинг Тошкентга қайтиб, ўз ишини давом эттиришига изн берган.

Бу воқеа юзасидан Озодликка сўзлаган қирғизистонлик таҳлилчи Талант Раззақов Қанатбек Шаршенбек билан боғлиқ ҳодисани “Қирғизистонни ҳар томонлама обрўсизлантириш жараёнининг давоми”, дея баҳолаганди.

- Бу масалада (Қирғизистон) Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томонига расмий жавоб қайтариши зарур. Негаки, дипломатларга нисбатан бундай фитналар халқаро тажрибада камдан-кам бўлган. Бу каби ахборот хуружларини тўхтатишни талаб қилиш керак. Ўзбекистон томони қўшнилар билан муомаласи ёмонлашган пайтда мана шу каби ахборот ҳуружини бошлаши кузатилган. Масалан, Тожикистонга нисбатан ҳам ўзбек матбуотида мана шундай қоралов кампанияси ўтказилган эди, - деганди Талант Раззақов.

Айни пайтда 23 август куни ўзбек дипломатлари иштирокида содир бўлган воқеанинг матбуотга сизиши ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилиши Қанатбек Шаршенбекни миллатчилик ва сўконғичликда айблаган Тошкентга берилган ўзига хос жавобми-йўқми – номаълум.