Хитойда Коммунистик партиянинг собиқ нуфузли вакили устида суд тугади

Бо Силай ўзини ҳали ҳам ўтган асрнинг 60 йилларида онаси олиб берган ички кийимни кийиб юрадиган оддий одам сифатида таърифлади.

Хитойда коррупция ва давлат амалини суиистеъмол қилганликда айбланган собиқ нуфузли мулозим устидан суд якунланди. Давлат қораловчилари Бо Силайга энг оғир жазо берилишини сўради.

Бо Силай ўзига қўйилган айбловларни кескин рад қилиб, қотилликка оид тергов ишига аралашмагани ва порахўрлик қилмаганини таъкидлади. Бо коррупция воситасида 4,3 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрганлик ва Франция ривьерасида виллалар сотиб олганликда айбланмоқда.

Судда қилган чиқишида Бо ўзини ҳали ҳам ўтган асрнинг 60 йилларида онаси олиб берган ички кийимни кийиб юрадиган оддий одам сифатида таърифлади.

Душанба куни якунланган суд мажлиси Бонинг хотини британиялик тадбиркор Нил Ҳейвуднинг ўлдирилишида айбланиши ортидан барбод бўлган сиёсий карьерасига нуқта қўйди.

Чонгқинг шаҳрининг собиқ ҳокими Бо бир пайтлар Хитой ҳокимияти пиллапояларидан изчил кўтарилиб бораётган сиёсатчи эди. Ўтган йили қотиллик билан боғлиқ жанжал ошкор бўлгач, унинг устидан тергов бошланди. Суд уни айбдор деб топса, Бо ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.