Дамашқ яқинида БМТ машиналари ўққа тутилди

БМТ экспертлари гуруҳи Дамашқ яқинида кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган ҳудудга кетаётган бўлган.

Сурияда кимёвий қуроллар бўйича БМТ гуруҳини кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган жойга олиб кетаётган машина ўққа тутилди.

БМТ матбуот вакили Мартин Несирскийнинг айтишича, машина душанба куни “бир неча жойдан туриб номаълум снайперлар томонидан ўққа тутилган”. Воқеада ҳеч ким жароҳатланмаган. Машинага зарар етказилган ва экспертлар бошқа автомобилга ўтиришларига тўғри келган.

БМТ экспертлари гуруҳи ўтган чоршанба куни Дамашқ яқинида юзлаб одамнинг ўлимига сабаб бўлган кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган ҳудудга кетаётган бўлган.

Сурия ҳукумати халқаро мутахассисларнинг бу ҳудудда текширув ўтказишларига розилик берди. Бироқ АҚШ расмийлари Дамашқнинг розилиги текширув натижалари “ишончли бўлиши учун жуда кеч” берилганини билдирди. Ассад ўз ҳукуматига билдирилган айбловларни “сиёсий” ва “куракда турмайдиган” дея атади.