Британия БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурияда тинч аҳолини ҳимоя қилиш масласини кўтармоқчи

Сурияда юзлаб одам нобуд бўлган кимёвий ҳужум амалга оширилганига оид иддаолар ортидан Британия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияда “тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўриш” хусусидаги резолюцияни маъқуллашига эришмоқчи.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон Twitter орқали бунга оид резолюция лойиҳаси Хавфсизлик кенгашининг чоршанба куни кечқурунга белгиланган йиғилишида тақдим этилишини билдирди.

28 август куни Женева шаҳрида сўзлаган БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий Сурияда ҳар қандай ҳарбий амалиёт ўтказиш БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига мувофиқ амалга ошиши кераклигини таъкидлади.

- Менимча, бу ҳақда халқаро қонун аниқ ёзилган. Халқаро қонунда, ҳарбий амалиёт БМТ Хавфсизлик кенгаши қароридан сўнг ўтказилиши керак, дейилган. Халқаро қонунда шундай дейилган, дея баён қилди БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий.

Чоршанба куни Ҳаага шаҳрида сўзлаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 21 август куни кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган жойда текширув ўтказаётган БМТнинг қуроллар бўйича экспертлари ўз вазифасини бажариши учун уларга “вақт берилиши кераклиги”ни урғулади.

Сурия ҳукумати кимёвий қуроллардан фойдалангани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб келмоқда.