Зарафшонга янги ҳоким тайинланди. Эскиси ҳибсга олинган

Зарафшон шаҳар кенгаши мажлисида шаҳарга янги ҳоким тайинланди. 12.уз нашрининг хабар қилишича, Навойи вилояти ҳокими шаҳар раҳбарлигига кўрсатган Муҳиддин Бозоровнинг номзоди маъқулланган.

Зарафшон шаҳрининг собиқ ҳокими Илҳом Эшмирзаев ўтган ой охирида Миллий Хавфсизлик хизмати тарафидан қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди. Эшмирзаев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Озодлик манбаларидан бири собиқ ҳокимнинг маҳаллий болалар уйидаги болаларга нисбатан жинсий тажовуз қилганлик айби ҳам қўйилаётганини билдирган эди. Лекин бу иддаолар расмийлар тарафидан инкор қилинди.

29 август куни 12.уз нашри берган хабарга кўра, янги ҳоким Мухиддин Бозоров бундан аввал Навоий вилояти Қизил Тепа тумани ҳокими лавозимида ишлаган.