Янукович: Қайси иттифоқига қўшилиш масаласини украиналиклар ҳал қилади

Украина Президенти Виктор Янукович.

Украина Президенти Виктор Янукович ўз мамлакатининг Европа Иттифоқи ёки Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига қўшилиши масаласи умумхалқ референдуми орқали ҳал бўлиши керак, дея баён қилди.

Жума куни эфирга берилган интервьюсида президент Янукович бу масалани “фақатгина Украина халқи ҳал қила олади”, дея таъкидлади.

Украина раҳбарининг бу баёноти Москванинг Киевни ЕИ билан Ҳамкорлик келишувини имзолаш фикридан қайтариш бўйича босимлари кучаяётган пайтда янгради. Кремл Украинани Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига киришга ундаб келмоқда.

Шу йилнинг ноябрь ойида Украинанинг ЕИ билан эркин савдо шартномасини ўз ичига олувчи Ҳамкорилик келишувини имзолашига умид қилинмоқда.

Божхона Иттифоқига аъзо Россия, Қозоғистон ва Беларус Ягона Иқтисодий Макон, деб номланувчи лойиҳани ҳам бошлаган. Бу лойиҳага кўра, 2015 йилга қадар Европа Иттифоқидан андоза олинган Евроосиё иқтисодий иттифоқини яратиш мақсад қилинган.