АҚШ Сурияга қарши чекланган ҳарбий чора қўллаши мумкин

АҚШ президенти Барак Обама Вашингтон маъмурияти Сурияга қарши чекланган миқёсда ҳарбий чора қўллаш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.
Лекин Обамага кўра, Сурия ҳукумати ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаганига жавобан бу мамлакатга қарши ҳарбий ҳужум қилиш борасида ҳали тўла-тўкис қарорга келинмаган.

Жума кунги чиқишида жаноб Обама дунё аҳли Суриядаги газ ҳужумларига тоқат қилолмаслигини таъкидлади.

- Бу каби ҳужумлар дунё учун катта таҳлика. Биз аёллар ва ёш болалар ҳамда бегуноҳ инсонларнинг мудҳиш даражада кимёвий қуроллар билан ўлдирилишига қараб туролмаймиз, - деди Обама.

Оқ уй раҳбари Суриядаги кимёвий ҳужумлар АҚШнинг Исроил ва Иордания каби иттифоқчилари учун ҳам таҳдид эканини қайд этди.

АҚШ президенти Барак Обама Сурия ҳукумати ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаганига жавобан бу мамлакатга қарши ҳарбий ҳужум қилиш борасида ҳали тўла-тўкис қарорга келмаганини айтди.

АҚШ президенти ўз чиқишида Сурияга қарши чекланган даражада ҳарбий чора қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганини таъкидлади.

Жаноб Обамага кўра, Сурияда қуруқлик амалиёти ва у ерда давомли ҳарбий ҳозирлик кўриб чиқилаётгани йўқ.

- Америка аскарининг ботинкаси Сурия тупроқларига тегадиган даражада ҳарбий чора кўриб чиқилмаяпти, -деди Обама.

Кеча Оқ уй маъмурияти Дамашқ атрофида 21 август куни Сурия режимининг буйруғи асосида кимёвий қурол қўлланилгани ва буни оқибатида 1400дан зиёд одам ҳалок бўлганига оид маълумотларни очиқлади.

Ҳалок бўлганларнинг учдан бир қисми ёш болалардир.

АҚШ давлат котиби Жон Керри ушбу маълумотларни тақдим этар экан жумладан шундай деди.

- Ракеталар қаерда ва қачон отилганини биламиз. Қаерга келиб тушгани ҳам бизга аён. Ушбу ракеталар режим назоратидаги жойлардан отилгани ва мухолифат назорат қиладиган ҳудудларга келиб тушгани бизга маълум, - деди Керри.

Жаноб Керрига кўра, Суриядаги кимёвий ҳужум инсониятга қарши содир этилган мудҳиш жиноятдир ва бунда жиноят такрорланиши олдини олиш учун дунё ҳамжамияти чора кўриши керак.

Президент Башар ал-Ассад ҳукумати кимёвий қурол ишлатганлигини рад этган. Сурия ҳукуматига кўра, кимёвий ҳужумни исёнкорлар амалга оширганлар.
Айни пайтда Дамашқ яқинида кимёвий қурол қўлланилгани юзасидан текширув олиб бораётган БМТ инспекторлари Сурияни тарк этди.

Аввалроқ БМТ Бош котиби Пан Ги Мун инспекторларнинг Сурия бўйича тўла-тўкис хулосалари икки ҳафтадан кейин эълон қилинишини айтган эди.