"Суриядаги уруш фитна майдонидир, жиҳод эмас!"

Дунё матбуоти бош саҳифаларидан тушмаётган Сурия уруши бобида расмий ўзбек матбуоти сукут сақлаётган бир кезда Озодликка сўзлаган ўзбекистонлик диндорлар ва зиёлилар бу низога "фитна", дея баҳо бермоқда. Хусусан, шайх Абдулазиз Мансур ўзбек мусулмонларини Шом диёрида бораётган жангларда қатнашишдан қайтарди.


"Араб баҳори" ортидан ЎзТВда халқаро сиёсат мавзуи ёпилган

Дунё давлатларини икки қутбга ажратган Суриядаги уруш бобида ўзбек расмий матбуоти деярли сукут сақламоқда.

Ўзбекистон давлат телевидениесида узоқ йиллардан бери ишлаган журналистнинг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, айни кунларда Сурия низоси фақат давлат теле ва радиоканалларида ўта қисқа форматларда ёритилмоқда.

"Шу, асосан, Россия расмий матуботи ёндошуви остида, ўта қисқа ва умумий тарздаги хабарлар берилаяпти", деди маҳаллий журналист.

Ўзбек журналистларидан олинаётган маълумотларга кўра, Яқин Шарқ давлатларида норозиликлар тўлқини бошланганидан буён расмий ахборот воситаларидаги халқаро сиёсатга оид махсус кўрсатувлар ҳам тугатилган.


Сурия низоси катта мавзуи - бу ҳақда фақат катталар гапиради

Ўзбекистонлик журналистлардан олинган маълумотга кўра, ҳозир Сурия ва умуман Яқин Шарқ минтақасида бораётган бошқа можаролар ҳақида чекланган доирадаги журналистларга ёзиш ва гапириш имкони берилган.

“Ҳозир халқаро сиёсат фақат "Ахборот" ва "Давр" информацион дастурларида ёритилаяпти. Катта-катта сиёсий шарҳловчиларимиз ҳам ҳозир дунё давлатлари табиати, маданияти, ўсмлик ва ҳайвонот дунёсига оид кўнгилочар дастурларни қилиб юришибди", деди Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясида ишлаётган журналист Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Яъни, нафақат "араб баҳор"и қамраган Яқин Шарқ давлатлари, балки бутун дунё сиёсати ҳақида ёзиш имкони ҳозир Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясидаги махсус информацион дастурларда ишлаётган журналистлар ҳамда Ўзбекистон давлат ахборот агентликлари таҳририятларига берилган.

Дунё давлатларида содир бўлаётган воқеаларга у ёки бу тарзда муносабат билдириш ваколатига эга энг катта "катта" эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир.


Каримов: Ёшларни Яқин шарқ низолари таъсиридан қўриш керак

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Яқин Шарқ давлатларида икки йилдан ярим йилдан буён давом этаётган бу можаролар ҳақида бевосита эмас, балки билвосита баёнотлар бериб келмоқда.

Шундай баёнотлардан навбатдагиси 31 август тонгида "Шаҳидлар хотираси" хиёбонида ўтказилган хотирлаш маросимида янгради.

Унда иштирок этган президент Ислом Каримов Ўзбекистонни Яқин Шарқдаги давлатларда бўлаётган низолардан ҳимоя қилиш ҳақидаги огоҳлантирувларини яна эслатди.

ЎзА агентли берган хабарда айтилишича, президент Ислом Каримов уни қуршаб олган фахрийлар даврасида сўзлаган нутқи давомида оловли Яқин Шарқ минтақасидаги низоларнинг "туб илдизи" ҳақидаги фикрларини баён қилган.

“Яқин Шарқ минтақасида юз бераётган қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятларнинг туб илдизи ҳам айнан мана шундай кенг билим ва тушунчага эга бўлмаслик, жаҳолат ботқоғига ботиб қолиш, ақидапарастлик ва маҳдудлик билан боғлиқ, десак, янглишмаган бўламиз", деди Президент Ислом Каримов 31 август кунги чиқишида.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари бу низолар унинг давлатига кўчмаслиги учун "ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни ёт ва бегона бўлган турли бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш" бугунги ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Ёшлар "ёт" ва "бузғунчи" ғоялардан ҳимоя қилиш йўлларидан бири сифатида эса Ислом Каримов бу гал Ислом динида буюк муҳаддис Имом Бухорийдан қолган таълимотларни ёйиш таклифини ўртага ташлади.

Бунга қадар эса Ўзбекистон ҳукумати қувватлаётган исломий таълимотлардан бири Баҳоваддин Нақшбандийнинг "Дил ба ёру, даст ба кор" ғояси эди.


Ўзбекистонликларнинг "араб баҳори"га қизиқиши катта

Суриядаги қуролли низолар ривожи, худди Миср, Ливия, Тунис ва бошқа араб давлатларида бўлгани каби ўзбекистонлик тингловчилар учун ҳам қизиқ мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Бунинг биринчи муҳим жиҳати сифатида Сурия ҳам худди Ўзбекистондаги каби кўп йиллик авторитар ҳукмрон режими остидаги давлат экани айтилса, яна бир муҳим жиҳати – Сурия халқининг катта қисми мусулмон эканидир.

Айни пайтда, Сурияда низолашаётган томонларнинг ҳар иккиси мусулмон бўлсада, Ассад режими тарафдорларининг шиалар қаноти, Ассадга мухолифларнинг эса суннийлар қаноти остида курашаётгани ҳамда бу низога шиа ва суннийлар ўртасидаги уруш, дея нисбат берилаётгани ҳам ушбу конфликтга мусулмонлар диққатини тортаётган сабаблардан биридир.

Ҳатто, бу мавзуга тўхталаётган аксар диний интернет нашрларида Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга нисбат бериб келтирилаётган ҳадислар тилга олинмоқда.


"Шом - Аллоҳ таоло олий мартабали қилган юрт"

Айрим ўзбекча исломий сайтлар ва ижитмоий тармоқдаларда саудиялик уламо Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал Орифийга нисбат берилган "Сурияда кўрганларим" номли битик Islomnuri.com сайти таҳририяти таржимаси билан кўчириб босилмоқда.

Унда қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин:

"Бизнинг Шом ҳақидаги сўзимиз Ливия, Миср, Тунис, Яман, Ироқ ва Фаластиндан ўзгача бўлади. Биз Аллоҳ таоло шарафли қилган ва олий мартабали қилган юрт ҳақида гапирмоқдамиз. Бу юртда охир замонда мусулмонлар ва насоролар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлади. Имом Муслимнинг ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, мазкур жангга насронийлар 80 та байроқ осида келишади, ҳар бир байроқ остида 12 минг аскар бўлади. Мусулмонлар уларни қириб ташлайдилар ва катта ғалабага эришадилар. Исломни шавкати кучаяди, Ла илаҳа иллаллоҳ олий бўлади.

Ийсо — алайҳис-салом — Димашқнинг шарқидаги оқ минора олдига икки қўлларини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолди тушадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, одамларни адаштирган, ўзининг фириблари билан уларнинг дини билан ўйнашган, уларни куфр чоҳларига отган Дажжол ҳам Шом диёрида қатл қилинади. Шомга фароғат бўлсин!
"


"Шомда ислом вужудига қарши хатарли қуроллар" қўлланади

Яна бир ўзбек тилидаги исломий интернет нашрида эса айнан Суриядаги низоларга дунё мусулмонларининг куйинчаклик билан ёндошаётгани сабабларидан бири кўринади.

Ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида севиб ўқиладиган Islom.uz сайтидаги "Фиқҳий мазҳабларнинг исломдаги бирликни асраб туришдаги аҳамияти" номли мақолада шундай жумлалар бор:

"Тўртинчи ва охирги нуқта: Шом диёрида исломнинг вужудига қарши кураш воситаси бўлган энг хатарли қуролларга эътибор қаратишнинг зарурлиги.

Албатта, у иккинчиси бўлмаган ягона қуролда гавдаланади. У ҳам бўлса, ислом умматининг қолган қутган бирлигини, бу умматнинг гуруҳлари ва шахсларининг ораларини боғлаб турган ақидавий кўприкларни йўққа чиқариш қуролидир.

Батаҳқиқ ушбу қурол мафкуравий урушни ўзларига касб қилиб олганларнинг унга қаттиқ суянганликларига қарамасдан олдинлари махфий эди. Лекин у мана шу сўнги йилларда очиқ ойдинга айланди. Зотан буни тасдиқловчи хужжатлар силсиласи шу ишларнинг эгалари ва уларнинг буйруқларининг ижрочилари томонидан ҳеч бир махфийликсиз ёки эҳтиёткорликсиз зуҳурга чиқиб давом этмоқда."



"Катта уруш куни мусулмонлар қароргоҳи Шомда...бўлади"

Шу кунларда ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда эса мана бу ҳадис бот-бот кўзга ташланмоқда:

"Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Катта уруш куни мусулмонларнинг қароргоҳи Шомнинг энг яхши шаҳарларидан бири бўлган Димашқ деб аталадиган шаҳар яқинидаги Ғўта деган жойда бўлади», дедилар. (Имом Аҳмад “Муснад”ида ривоят қилган, Шайх Шуъайб Арнуаут саҳиҳ деган)
"


"Сурия урушига диний изоҳ - фитнадир!"

Ўзбекча ижтимоий тармоқлар ва диний манбаларда тилга олинаётган маълумотлар, баҳслар ва ҳадисларга боғланаётган нуқтаи-назарларга муносабатини сўраб, Озодлик мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга боғланди.

Дарвоқе, шайх ҳазратлари Озодликнинг Суриядаги қонли можароларга оид саволларига жавоб берган ягона расмий шахс бўлди.

Абдулазиз Мансур Суриядаги қуролли низони бир сўз билан “фитна”, деб баҳолади.

Қуйида у киши билан қурилган суҳбатни тинглашингиз мумкин.


Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбат.




"Россия қўлламаса Ассад, АҚШ қўлламаса Каримов режими қуларди"

Сурияда минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётган ва қарийб 30 ойдан буён давом этаётган низога ҳам сиёсий, ҳам диний жиҳатдан баҳо берган ўзбекистонлик собиқ имом, айни дамда хориждан сиёсий бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Обутов: "Суриядаги низо ортида ғарб ҳукуматларининг “қўшстандарт” сиёсати турибди", деган фикрни тилга олди.

Муҳаммадсолиҳ Обутов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.


Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Муҳаммадсолиҳ Обутов билан суҳбат.



Сурияда жиҳод қилиш фарз бўлдими?

Шу йилнинг 14 июнида Қоҳирада учрашган Ислом уламолари кенгаши Сурияда жиҳод қилиш бу давлатдаги мусулмонлар учун “фарзи айн бўлди” мазмунида фатво берган эди.

Фатво 10та шартни ўз ичига олган ва қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

1.Сурияда Режимга қарши жиҳод ҳар бир мусулмонга фарзи айн ва ота онасини ризоси шарт қилинмайди. Уммат устида уларга мол ва силоҳ билан ёрдамлашиш фарздир.

4. Барча урушда, ҳарбийдан қочишда, намойишда ва ҳукуматдан ажралишда ўлдирилганлар Аллоҳ изни билан шаҳиддир!

7. Хавфсизлик хизмати ва ҳарбийлар ичидаги аёлларга жинсий тажовуз қилган ва зўрлаган шахслар қатл қилиш вожибдир.

10. Ҳозирги кунда Закотни Сурия инқилобини қўллаш учун ва у ердаги мужоҳидларга ёрдам бериш учун сарфлаш авлороқдир.

Шу фатводан сўнг, норасмий манбаларда айтилишича, биргина Индонезиянинг ўзидан 1 миллионга яқин одам жиҳодда қатнишиш истагини билдирган.

Россия президенти Владимир Путин эса икки ой муқаддам қилган чиқишларидан бири камида 600 фуқароси Суриядаги жангларда иштирок этаётганини айтган эди.

Шайх Юсуф Қарзовий етакичилигидаги Ислом уламолар кенгаши фатвосидан сўнг эса тажрибали эски жанггарилар сафига жиҳод қилиш истагида бўлган ёш, янги жангчилар ҳам қўшилаётгани айтилган.

Қуйида ана шу фатвога ўзбек мусулмонлари муносабатлари акс этган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттириши махсус сонини ҳам тинглашингиз мумкин.

Унда муқаддам Афғонистондаги жанг майдонларида бўлган, ҳозир эса ғарб давлатларидан бирида яшаётган ўзбекистонлик диндор Исломжон, Сурияда жиҳодда бўлганини айтиб Озодликка WhatsApp тармоғидан боғланган Сайфуллоҳ, Қирғизистон мусулмонлари идораси собиқ раҳбари Содиқ қори Камолов ва Озодлик радиоси таҳлиличиси, шарқшунос, “Озод Ироқ” радиоси директори Сергей Данилочкинларнинг фикрлари ўрин олган.


Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттириши.