Ашхободда Хитой ва Туркманистон президентлари учрашди

Си Цзипиннинг Ўзбекистонга сафари 8 сентябр куни бошланади.

Хитой Президенти Си Цзипин Ашхободда Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Си Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб илк расмий сафари доирасида сешанба куни Туркманистонга етиб келди.

Хитойнинг расмий Синхуа агентлигига кўра, Си билан Бердимухаммедов “алоқа ва ҳамкорликни” ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Туркманистон Хитойга газ етказиб берувчи энг йирик хорижий давлат ҳисобланади. 2012 йилда Хитой газ импортининг 51 фоизи Туркманистон ҳиссасига тўғри келган. 2009 йилда икки мамлакат ўртасида газ қувури тортилган.

Сининг Ўзбекистонга сафари 8 сентябр куни бошланади. Ўзбекистон раҳбарияти билан Хитой президентининг қатор шартнолмалар имзолаши кутилмоқда.

У 10 кунлик сафари доирасида шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияга ҳам боради.

5-6 сентябр кунлари Хитой раҳбарининг Санкт Петербургда ўтказиладиган Катта Йигирмалик саммитида иштирок этиши кутилмоқда. 13 сентябр куни эса Си Бишкекда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашади.