АҚШ дипломати Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашини "гаровга" олганликда айблади

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр Россияни Сурия масаласида БМТ Хавфсизлик кенгашини “гаровда” ушлаб ўтирганликда айблади.

Пайшанба куни БМТ қароргоҳида журналистлар олдида қилган чиқишида Пауэр Сурияда бўҳрон бошланганидан бери Россия ўзининг вето ваколатидан фойдаланиб, мунтазам равишда Хавфсизлик кенгашининг Сурия режимига қарши чора кўриш ёки бунга оид баёнотлар эълон қилишига тўсқинлик қилиб келаётганини таъкидлади.

Россия бундай ҳаракатини тўхтатишига ишонмаслигини айтган Пауэр, яқинда президент Владимир Путин Башар ал-Ассад режими 21 август кунги ҳужум учун масъул экани исботланган тақдирда Сурияда ҳарбий интервенцияни қўллаб-қувватлашини “эҳтимолдан соқит қилмаслиги”га оид сўзларига шубҳа билан қарашини билдирди.

БМТдаги Россия миссияси вакиллари Пауэрнинг баёнотини изоҳлашдан бош тортди.