Олланд: Суриядаги кимёвий ҳужумга оид текширув натижалари бир ҳафтадан кейин маълум бўлади

Франция президенти Франсуа Олланд.

БМТ ҳарбий инспекторлари кейинги ҳафта охиридаёқ Сурияда кимёвий ҳужум қўлланганига оид текширув натижаларини эълон қилишлари мумкин. Бу ҳақда Франция президент Франсуа Олланд шанба кунги чиқишида билдирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эса Сурия президенти Башар Ассад режимига қарши амалиётда кўплаб мамлакатлар иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди. Бу борада Керри Франция раҳбарияти билан ўтказилган музокаралардан кейин – Ниццадаги матбуот анжумани чоғида баёнот берди.

Аввалроқ Германия “катта йигирмалик” лидерлари гуруҳининг Сурия расмийлари томонидан кимёвий қурол қўлланганини кескин қораловчи ва бу жиноятга жавоб қайтаришга чақирувчи қўшма баёнотини имзолаганди. ГФР ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле бу қарор Европа Иттифоқи мамлакатларидан бўлган ҳамкасблари Вилнюсдаги учрашувда бу масала бўйича ўз позицияларини мувофиқлаштириб олганларидан кейин қабул қилинганини баён қилди.

Шанба куни АҚШ президенти Барак Обама ўз мамлакати Сурияда хавфли қурол қўлланилганига қарши куч билан жавоб беришга бурчли эканини, бу иш келажакда кимёвий қурол қўллашга оид ҳар қандай уринишнинг олдини олиш учун қилиши лозимлигини билдирди.

Айни пайтда Обама Дамашққа қарши ҳарбий амалиёт ўта чекланган характерга эга бўлишини ҳам қайд этди. АҚШ президентига кўра, бу Ироқдаги амалиётларнинг ҳам, Афғонистондаги амалиётларнинг ҳам такрори бўлмайди.