Обама: Россия таклифи ижобий ўзгариш ясаши мумкин, лекин бу чалғитиш тактикаси бўлиши ҳам мумкин

АҚШ Президенти Барак Обама душанба куни бир нечта телеканал, жумладан Fox News мухбири Крис Уолласга ҳам интервью берди.

АҚШ Президенти Барак Обама Россия илгари сураётган Сурия ҳукумати ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига топширишини назарда тутувчи таклиф “ижобий ўзгариш ясаши мумкин”, дея таъкидлади, лекин айни пайтда мазкур ғоя чалғитиш тактикаси сифатида ишлатилишидан хавотир билдирди.

Обама бу фикрни душанба куни бир нечта телеканалга берган интервьюлари чоғида билдирди. Айни пайтда, АҚШ Конгресси вакиллари Обама маъмуриятига Сурия ҳукуматига қарши ҳарбий интервенция бошлаш ваколатини бериш масаласини муҳокама қилишда давом этди. Вашингтон Сурия режимини кимёвий ҳужум уюштирганликда айбламоқда.

Сурия ҳукумати ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни топшириши мумкинлигига оид баҳсларнинг юзага келиши ортидан сенатдаги кўпчилик етакчиси Демократик партия вакили Ҳарри Рид ҳарбий ҳужум ваколатини беришга оид чоршанба кунга белгиланган муҳокамаларни кейироққа қолдирди.