Бугун АҚШда 9/11 фожеаси қурбонлари ёдга олинади

Бугун 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумларининг 12 йиллиги муносабати билан АҚШда хотира тадбирлари бўлиб ўтади.

Президент Барак Обама 11 сентябр фожеасида ҳалок бўлган қарийб 3 минг кишини ёдга олиш учун Оқ уй олдида ўтадиган бир дақиқалик сукут сақлаш маросимида қатнашади.

Аввалроқ президент Обама миллий хавфсизлик хизматлари мазкур хотира куни муносабати билан амалга оширлиши мумкин бўлган террор ҳужумларини олдини олиш бўйича иш олиб бораётганини билдирган эди.

АҚШ президенти сешанба куни ўз маъмурияти билан хотира кунига тайёргарлик ва хафвсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Оқ уй хавфсизликни таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилганини очиқламади, бироқ тайёргарлик бир неча ой давом этганини билдирди.

Эслатамиз, Ал-Қоида гуруҳининг террор ҳуружлари таҳдиди боис АҚШ июл ойида Яқин Шарқ ва Африкада қатор элчиликларини вақтинча ёпган эди.