АҚШ Сурияга ҳужумни кечиктирди. Россия Франция таклифини рад қилди

Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро ҳамжамият назораитига ўтказишга оид БМТ резолюцияси борасида тиғиз димпломатик сўзлашувлар олиб борилмоқда. АҚШ Президенти Барак Обама Вашингтон Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро назоратга олиш бўйича Россия илгари сурган таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Айни пайтда Франция БМТ Хавфсизлик кенгашига таклиф қилган резолюция лойиҳасини Россия қабул қилмаётир.



Расмий Дамашқ ўз ихтиёридаги кимёвий қуроларни халқаро ҳамжамият назоратига топширишга рози бўлиши АҚШнинг Башар Ассад режимига қарши ҳарбий ҳужум қилиши эҳтимолини камайтирди.

Москва илгари сурган Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга олиш ташаббуси ортидан бунга оид БМТ резолюциясини қабул қилиш борасида дипломатик сўзлашувлар тиғизлашмоқда.

Бироқ Франция томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашига киритилган, Сурия режими ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаса, “жиддий оқибатларга” юз тутишини кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини Россия рад қилди. Москва резолюцияга ўтган ойидаги кимёвий ҳужум учун масъулиятни Сурия ҳукуматига юклашга оид сўзлар киритилишига ҳам қарши чиқмоқда.

Франциянинг Интер радиосига интервью берган Россиянинг Париждаги элчиси бу резолюция лойиҳасини ҳарбий интервенцияга йўл очувчи “тузоқ” дея атади.

Элчи Александр Орлов резолюция лойиҳаси санкциялар эмас, назорат механизмини ўз ичига олиши лозим, “чунки ҳозир ўз ихтиёридаги қуролларни халқаро назоратга топширишга рози бўлиб турган мамлакатга санкция қўллашдан маъни йўқ”, дея таъкидлади.

Сурияга нисбатан келажакда санкциялар жорий қилиш истиқболи ҳақидаги саволга элчи бундай жавоб берди.

- Агар маълум муддат ўтгач Сурия ҳукумати ҳамкорлик қилишни истамаётганини кўрсак, кейин яна БМТда тўпланиб, қандай санкцияларни қўллаш мумкинлигини муҳокама қилишимиз мумкин бўлади,- деди элчи.

Сешанба куни Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Дамашқ “кимёвий қуроллар сақландиган жойларни очиқлаш, кимёвий қурол ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва бу жойларни Россия, бошқа давлатлар ва БМТ вакилларига кўрсатишга тайёрлигини” билдирди.

Сешанба куни АҚШ Президенти Барак Обама телевидение орқали қилган мурожаатида Вашингтон ва унинг иттифқочилари кимёвий қуролларни халқаро назоратга топшириш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқишга тайёрлиги, лекин эҳтимолий ҳарбий зарба масаласи кун тартибида қолишини баён қилди.

Вашингтон ўтган ойда 1400дан ортиқ одамни ўлдирган кимёвий ҳужумда Сурия ҳукуматини айблаб, ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилмоқда.

Оқ уйдан туриб қилган мурожаатида Обама бу ҳужум учун масъул Ассад режими ҳамкорликдан бош тортса, ҳарбий интервенция амалга оширилишидан огоҳлантирди.

- Бир нарсани аниқ айтай: АҚШ ҳарбийлари номигагина зарба бермайди. Ҳатто чекланган зарба ҳам Ассад режимига бошқа давлат қўлидан келмайдиган муждани юборади. Яна бир диктаторни куч билан ағдариш тарафдори эмасман. Ироқдаги тажрибадан бу йўлни тутиш, ундан кейинги вазият учун ҳам масъулиятни ўз зиммамизга олишимизга тўғри келишини биламиз. Лекин аниқ нишонга олинган зарбалар билан Ассад ва бошқа ҳар қандай диктаторни кимёвий қуролни ишлатишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришга мажбур қила оламиз,- деди Обама.

Обама, кимёвий қуролларни халқаро назоратга ўтказиш бўйича Москва ражаси муваффақиятли бўлиши ҳақида гапириш ҳозирча “жуда эрта” дея таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг пайшанба куни Женевада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиши кутилмоқда.

Эҳтимолий ҳарбий интервенцияда иштирок этиш ниятини очиқ билдирган яна бир мамлакат Франция ҳам ўз қуролли кучларига “сафарбар” бўлиб туришни буюрди.

Москвада Кремл-параст депутат Алексей Пушков Вашингтон Сурияга қарши ҳарбий ҳужум бошласа, Россия Эронга қурол етказиб беришни ошириши ва Афғонистонга транзит бўйича АҚШ билан эришилган келишувни бекор қилиши мумкинлигини айтди.

Обаманинг ҳарбий ҳужумни кечиктириш қарори Ассад режимининг асосий иттифқочи Эрон томонидан эҳтиёткорлик билан қабул қилинди.

Эрон матбуоти Олий руҳоний Оятулоҳ Али Хаманаийнинг “Қўшма Штатларнинг Сурияга янги ёндашуви, ўйин эмас, жиддий эканига умид қиламан”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.