Коллеж талабалари "пахтага бораман" деган тилхат ëзишга мажбурланмоқда

Самарқандда коллеж талабалари пахта теримида қатнашиб, "ватан олдидаги бурчларини шараф билан бажариш" ҳақида тилхат ёзишга мажбурланмоқда. Айни пайтда¸ Қашқадарё вилоятидаги “Шўртаннефтгаз” корхонасининг мингга яқин ишчиси 15 кунлик пахтага жўнатилди.

Озодликнинг Ўзбекистондаги манбалари пахта теримига мажбурлаб чиқарилган корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ҳақида ҳар куни хабар бермоқда.


"Пахтага чиқмасанг¸ курсда қоласан!"

Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувчиларининг Ўзбекистон ҳудудида пахта теримини бевосита мониторинг қилишни бошлаганига қарамай¸ Ўзбекистондаги пахта теримига вилоятлардаги коллеж ва лицейлар талабаларининг ҳам яна сафарбар этилиши кутилмоқда.

Озодликнинг электрон почтасига келган мактублардан бирида бу ҳақда шундай дейилади.

“Шу бугун бизнинг коллежда учинчи курсларни йиғиб директор мажлис ўтказди. Директорнинг айтишича, биз пахта теримига тайёр бўлиб туришимиз керак экан. Кўрпа-тўшак, раскладушка, фартукларни тайёрлаб қўйишимиз керак экан. Ҳокимиятдан “старт” бўлиши билан кетамиз экан. Биз ҳаммамиз "пахтага борамиз"¸ деб тилхат ёзиб бердик”, деб ёзади Озодлик манбаси.

Озодликка етиб келган тилхат нусхаси.

Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллеж директори А.А.Носиров номига ёзилган тилхатнинг Озодлик электрон почта қутисига келиб тушган нусхасида шундай дейилган:

“Мен¸ ...¸ гуруҳ талабаси коллеж ички тартиб-қоидаларига тўлиқ бўйсунаман, дарсларга тўлиқ қатнашаман. Республикамизнинг миллий бойлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватаним, халқим, ота-онам олдидаги бурчимни сидқидилдан бажараман. Ахлоқий жиҳатларим билан устозларим ва коллеж раҳбарияти ҳурматини қозонишга сўз бераман. Техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Агар мен юқорида кўрсатилган сўзимнинг устидан чиқмасам, курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чораларни қўлланишига розиман. Имзо.”

Озодлик мухбирининг аниқлашича¸ талабалардан пахта теримига чиқиш ҳақида шу мазмундаги тилхат олиш амалиëти биргина Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежида эмас¸ балки вилоятдаги бошқа коллежларда ҳам кузатилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Иқтисодиёт коллежининг ўзини Гулчеҳра деб таништирган ходими, Озодлик билан суҳбатда талабалардан олинаётган тилхатни оқлашга уринди:

- Тўғри, тилхат олинаяпти. Пахтага бормаган талаба¸ агар қонунда кўрсатилган талаба бошқа жазоларга тортилмаса-да, ҳеч бўлмаса курсни қайта ўқийди. Агар шундай мажбур қилмасангиз¸ қайси талабани эркин пахта тердира оласиз, шуни айтинг сиз ҳам?, деди Озодлик мухбири билан тортишган коллеж ходими.

Озодликнинг "коллеж ўқувчиси пахта термаса жазоланади" деган нарса қонунда йўқ, нега у мажбур бўлиши керак", деган саволига коллеж ходимаси:

- Агар сиз, журналистлар шундай деб турсангиз, бошқа ота-оналардан нима кутиш керак? Биз ҳар йили пахта терганмиз, бу йил ҳам терамиз. Агар яна саволларингиз бўлса, марҳамат юқорига чиқинг, дея "ватанпарварлик оҳангида" жавоб қайтарди.

Ғарб кийим-кечак ширкатлари йиллардан бери болалар мажбурий меҳнати билан териб олинаëтган ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампаниясини кучайтиргани ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари гуруҳлари босими остида 2012 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишдан воз кечишга уринди.

Бир неча йиллик музокаралардан сўнг БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти ишчи гуруҳи пахта мавсумида Ўзбекистонга бориб¸ болалар меҳнатидан фойдаланаëтгани ҳақидаги маълумотларни жойида ўрганиш учун изн олди.

Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиқ¸ 18 ëшгача бўлган ўқувчи ва талабаларнинг меҳнатга мажбурланиши тақиқланган.


Қашқадарëда нефтчилар таҳдид билан пахтага жўнатилди

Озодликнинг электрон манзилига келиб тушган мактубларнинг бирида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган “Шўртаннефтгаз” корхонаси ишчиларининг мажбурлаб пахта теримига юборилгани ҳақида ёзилган:

“9 ва 10 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган "Шўртаннефтгаз" УШК ишчилари Касби ва Миришкор туманларига пахта теримига 800 та ишчи стационар тарзда (ёталақ) 15 кунга ҳайдалди.

Ҳамма мажбуран, ноқонуний равишда уруш-жанжал, тўполон норозиликлар билан жўнатилди. 800 кишилик ишчилар жўнатилди. Бормаганлар мукофотдан маҳрум қилиш ёки ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.

Ҳали бу кетишда Шўртан заводининг ҳамма ишчилари пахтага чиқарилиши мумкин. Сабаби "Шўртаннефтгаз"да жами 4000 киши меҳнат қилади.

15 кундан кейин яна шунча, 800 та ишчи кетиши керак.

Ҳаттоки 2-сменага яна 800 кишига списка қилиб бўлинган. Пахта 2 ой давом этса¸ 4 ёки 5 та сменадан хамма завод ишчилари пахтага чиқади дегани, бу.

Пахтага 4000 ишчидан 800 тача ишчининг кетиши ишлаб чиқаришга салбий таъсир қилиши ҳозирча ноъмалум, буни вақт кўрсатади. Мутахассислар бу ишлаб чиқаришга катта таъсир бўлади, дейишяпти. Чунки муҳим стратегик обект ҳисобланади бу завод.

Асосий иш, нефт ва газ қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳақида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Ҳеч кимни қизиқтирмаяпти бу нарса”, деб ёзади Озодликнинг ўз шахси очиқланишини истамаган бу манбаси.

"Шўртаннефтгаз" давлат унитар корхонасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, ишчиларнинг пахта теримига юборилаётганини тасдиқлади:

- Ишчиларимиз кўрпа-тўшаги билан 15 кундан ёталоққа кетишди. Рўйхат тузилган, ҳамма навбат билан боради. Касби ва Миришкор туманларига борамиз, деди ширкат расмийси.

Корхона мулозимининг айтишича, корхона юзлаб хизматчисининг пахта теримига сафарбар этилгани иш унумдорлигига таъсир қилмайди:

- Одамлар қоладику бу ерда, ҳамма кетмайдику. Алмашиб бориб-келаверишади. Қаровсиз қолмайди. Бу элга келган тўй, пахта ризқ-рўзимиз, деҳқонларга ёрдам бериш керак, деди корхона мулозими.