Бишкекда ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда

12 сентябрда Ислом Каримов Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди.

Россия президенти Владимир Путин Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун Бишкекка кутилганидан бир неча соат кечроқ етиб келди. Ахборот агентликларининг билдиришича, бунга Путин учиши кутилган ТУ-214 учоғида техник носозликлар аниқлангани сабаб бўлган.

Шанҳай Ҳамкорлик ташкилотининг 13 сентябрда Бишкекда бўлиб ўтадиган саммитида иштирок этиш учун Путиндан олдинроқ етиб келган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пайшанба куни қирғиз ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида Ислом Каримов Хитой, Эрон ва Россия каби йирик давлатлар раҳбарлари ўзаро учрашувлар ўтказиши режалаштирилган Бишкек саммити жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлишини таъкидлаган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса 2010 йилги Ўш қирғинини бартараф этишга ҳисса қўшгани учун Каримовга миннатдорчилик билдирди.

Бугун Бишкекда ўтадиган саммитда ташкилотга аъзо Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикстон ва Қирғизистон президентларидан ташқари, Эрон, Афғонистон, Монголия раҳбарлари ва бошқа бир қатор давлатлар вакиллари иштирок этади.