Ҳиротдаги АҚШ консуллиги яқинида ҳужум уюштирилди

13 сентябр куни эрталаб Толиблар жанггарилари Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги АҚШ консуллиги биноси яқинида ҳужум уюштирди.

Афғонистон полициясига кўра, ҳужумда икки нафар хавфсизлик ходими ва беш нафар жанггари ўлган.

АҚШ консуллиги матбуот котиби ҳужумда консуллик ходимларига зарар етмаганини билдирди.

Ҳирот вилояти ҳокими Озодлик мухбирига худкуш шахс портловчи моддалар жойланган машинани консуллик биносидан 60 метр нарида портлатганидан сўнг бошқа жанггарилар хавфсизлик ходимларига қарата ўт очганини айтди.

Толиблар матбуот котиби Қори Юсуф Аҳмади АҚШ консуллигига ҳужумни толиблар амалга оширганини билдирди.

Афғонистон полицияси ҳужум бошланганидан бир соат ўтиб вазият назорат остига олингани ва ҳужум уюштирганлар қидирилаётганини маълум қилди.