Покистонда НАТО ёқилғи танкерлари ёниб кетди

Афғонистонда жойлашган НАТО ҳарбий кучларига ёқилғи олиб кетаётган танкерлар Покистоннинг жанубий-ғарбий ҳудудида ёниб кетди.

Шанба куни Балужистон вилоятидаги Ҳуб шаҳрида рўй берган воқеада камида тўққиз ёқилғи танкери олов ичида қолгани ва ҳалок бўлганлар ёки жабр кўрганлар йўқлиги айтилмоқда.

Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқ эмас, бироқ айрим хабарларга кўра, олов танкерлардан бирида юз берган портлашдан чиққан.

Маҳаллий расмийлар воқеа жойида отишмалар овози эшитилмаганини айтиб, ёнғинга йўл четига ўрнатилган ясама бомба портлаши сабаб бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирмоқда.

Афғонистондаги НАТО қўшинларига путур етказиш мақсадида Покистондаги жанггарилар Афғонистонга ёқилғи олиб кетаётган танкерларга тез-тез ҳужум уюштириб туради.