Франция Сурияга доир резолюция лойиҳаси бўйича АҚШ ва Британия билан келишиб олди

Франция Президенти Франсуа Олланд АҚШ ва Британия Ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Уильям Ҳейг билан. Париж. 16 сентябр 2013 йил.

Франция, Британия ва АҚШ Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилишнинг аниқ муддатларини қатъий белгилаб берувчи БМТ резолюциясини қабул қилиш бўйича келишиб олди.

Франция Президенти Франсуа Олланд маъмурияти эълон қилган баёнотга кўра, душанба куни Парижда уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда бу ҳақда келишилган.

Париж музокаралари ўтган шанба куни Женевада Сурия кимёвий қуролларни йўқ қилиш борасида АҚШ-Россия келишуви имзоланиши ортидан ўтказилди. Женева музокаралари кимёвий ҳужум уюштирганликда айбланаётган Сурия режимига қарши АҚШ ҳарбий зарбасининг олдини олиш мақсадида уюштирилди.

Душанба куни шунингдек, БМТ экспертлари гуруҳи 21 август куни Дамашқ яқинида рўй берган кимёвий ҳужум юзасида ўтказган тергов ҳисоботининг эълон қилиниши кутилмоқда.

Президент Олланд Сурия ҳукуматига қарашли кимёвий қуроллар арсеналини назоратга олиш ва кейинчалик йўқ қилиш механимзларини белгилаб берувчи резолюция жорий ҳафтада овозга қўйилиши мумкинлигини билдирди.