Эронда ҳуқуқ фаоли Насрин Сотуда озод қилинди

Насрин Сотуда.

Эронда маҳаллий ҳуқуқ фаоли ва адвокат Насрин Сотуда қамоқдан озод қилинди.

Сахаров номидаги мукофот соҳиби Насрин Сотуда билан бирга қамоқдан яна бир неча сиёсий мотивлар билан қамалган шахслар озод қилингани айтилмоқда.

Насрин Сотуда Эрон миллий хавфсизлигига таҳдид солиш каби бир қатор айбловлар билан судланиб, 2010 йилда қамалган эди.

Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний сайловолди жараёнида сиёсий маҳбусларни озод этиш, фуқароларга кўпроқ эркинликлар бериш тўғрисида ваъда берган эди. Сотуданинг озод этилиши мана шу ваъданинг ижроси сифатида баҳоланмоқда.

Бир неча кундан сўнг Сотуданинг БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида сўзга чиқиши кутилмоқда.