Советлардан қолган пахта сиëсати бугун пахта зўравонлигига айланди

“Ўзбекистонда бугун ҳамма пахтакор!”

Совет даврида пайдо бўлган ва Қайта қуриш йилларида ўзбек сиёсатчилари ва публицистларининг кескин танқидига учраган бу таъкид-шиор кейинги йилларда Совет давридагиданда кучлироқ янграй бошлади. Бугун Ўзбекистонда яна ҳамма пахтакор!

Пахта теримига чиқмаслигингиз учун Сиз аъзоси бўлган жамоани вилоят ҳокими махсус қарор билан теримдан озод қилиши керак.

Мухбиримиз ҳашарчилар армияси сафларида пахта эгатларига энгашган ўзбекистонликларнинг баъзиларига микрофон тутди.


Шаҳарда бесаранжомлик

Таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев пойтахтдаги шу кундаги вазиятни бундай тасвирлади:

- Бир ҳафтадан бери умуман мамлакатда тинчлик йўқ. Ҳамма ўрнига одам қидирадимией, тўполон, қанақадир ваҳима! Чунки пахта далаларида бугун ҳашарчи учун ҳеч қанақа шароит йўқ. Врач кетаяпти, ўқитувчи кетаяпти, олим кетаяпти. Бу қанақа кўргилик?!

Ҳар ким ўз ишини қилган йиллар

Ваҳоланки, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилеванинг айтишича, “мустақил бўлганимиздан кейин бир неча йиллар умуман ҳеч ким пахтага жалб қилинмаган. Ўқувчилар ҳам, бошқалар ҳам, бўлган шу нарса. Пахта йўқми, пахтага борилмайдими, пахтага борилмас экан, деган гаплар неча йиллаб бўлган”.

Бугунга келиб эса, пахта теримига ҳашарчи етказиб бериш вазифаси давлат муассасаларидан тортиб хусусий корхоналаргача, жамоат ташкилотларидан тортиб диний жамоаларгача юклатилган.

Масжид қавми - пахтакор

Шаҳрисабз шаҳридаги масжидлардан бири мутаваллиси:

- Пахта бўлаяпти ака. Ҳисса қўшиб, сафарбар қилиб, бориб қатнашиб келаяпмиз ака.

Озодлик: Имом бораяптими пахтага?

- Ҳожи акалар, фахрийлар, ветеранлар, беш-олти киши, ишқилиб, ўтиб келаяпмиз.

Озодлик: Масжид уюштираяптида энди-а?

- Ҳа, масжид.


Дўхтирлар - пахтакор

“Тез ёрдам” станциялари ходимлари ҳам пахта теримида. Масалан, Наманган вилояти Уйчи туман “Тез ёрдам” хизмати:

Озодлик: Пахтага чиқаяптими тез ëрдамчилар?

- Ҳа. Кундузида 75та одамимиз бор. Ночёвкада 75та одамимиз бор ëтоқда.

Озодлик: Касаллардан чақирув тушсачи?

- Чақирув тушса, тез ëрдам машинаси кечқурунликка бир марта айланиб келади. Кечқурун етти ярим, саккизгача айланишади.

Озодлик: Бирортасининг юраги ушлаб қолса нима бўлади?

- Скорийларимиз ўша атрофдаку.

Озодлик: Масалан врач пахта тераяпти. Агар чақирув келиб қолса, бориб касал кўриб, қайтиб келиб яна пахтасини тераверадими?

- Йўқ. тез ëрдам боради холос. Кундузги ишчиларимиз борку.


Сотувчилар - пахтакор

“Тез ёрдам” чиларки, пахтага чиқарилган экан, газета дўконлари сотувчиларининг пахта териши ҳам қарз, ҳам фарз.

Наманган шаҳридаги дўконлардан бири сотувчиси Абдурасул ўз навбатини кутмоқда:

- Энди бораман мен пахтага.

Озодлик: Неча кунга борасиз?

- Идорадагилар айтса биламизда. 10 кунликками, бир ҳафталикками ë кунликками ўзи айтадида секин навбатма-навбат.


Озодлик: Дўконингиз нима бўлади сиз пахтага кетсангиз?

- Дўкон бўлмаса бошқа бирор кишини беришимиз мумкинда, одам олиб беришимиз мумкин. Энди бирорта қариндош-париндош топамизда.

Озодлик: Бу давлатнинг дўконида тўғрими?

- Ҳа, давлатники.

Озодлик: Сиз давлатнинг дўконини қандай қилиб қариндош-париндошга бериб қўясиз?

- Йўқ, пахтага жўнатаман қариндошларни.


Артистлар – пахтакор

Санъаткорлар - аҳолини пахта теримига сафарбар қилиш учун тузиладиган махсус агитбригадаларнинг асосий аъзоларидир. Совет даврида ўйлаб топилган бу шаклдан шу кунда ҳам фойдаланмоқдалар.

Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилевадан сўрадик:

Озодлик: Пахтага сизларни ҳам жалб этишаяптими?

- Боришаяпти, деб эшитаяпман. Энди мен пенсиядаги одамман. Батафсил сизга бир гап айта олмайман. Лекин театрлардан, бошқа бир ташкилотлардан боришаяпти маданий хизмат кўрсатгани. Бултур ҳам боришган.


Пенсияда бўлгани учун Гулчеҳра опани ҳозирча пахтага чиқинг, деб биров безовта қилгани йўқ. Лекин эрта ўтиб, индинга опанинг эшигини ҳам маҳалла оқсоқоли тақиллатиши мумкин. Чунки,

маҳалла аҳли ҳам пахтакор

Гулистон шаҳридаги маҳаллалардан бири оқсоқолига бир неча савол бердик:

Озодлик: Пахтага ҳашарни қандай уюштираяпсизлар маҳаллада?

- Маҳаллаларга фуқароларимизни йиғиб, икки-уч машина қилиб далага олиб бораяпмиз.

Озодлик: Бир кунда нечта одам чиқаяпти маҳалладан?

- Ҳар-хил. 60та, 65та.

Озодлик: Уй бекаларини олиб чиқаяпсизларми ë эркаклар ҳам броми?

- Эркакларимиз ҳам бор, уй бекаларимиз ҳам бор.

Озодлик: Машиналарни қаердан олаяпсизлар? Қандай уюштирилаяпти?

- Машинани ҳокимият қилиб бераяпти.

Озодлик: Ҳокимият қаердан олаяпти машинани?

- Автобазадан олади.

Озодлик: Эрталаб олиб бориб кечқурун олиб келинаяпти-а?

- Ҳа, эрталаб 7.30да жўнаяпмиз, кечқурун 5.30да уже даладан олиб чиқиб кетилаяпти.


Пахта теримига жалб қилинмайдиган касб, ҳунар эгалари деярли йўқ ҳисоб.

Пахтага бормаслик учун вилояти ҳокимининг махсус қарори керак
.

Бундай қарор билан, масалан, Андижондаги мини-футбол жамоаси пахта теримидан озод қилинган. Команда мураббийсининг айтгани:

- Пахтага чиққанимиз йўқ. Машғулотларимиз бўлди, турнир ўтказдик, чемпионатга яқин қолди. Шунинг учун чиқыанимиз йўқ. Вилоят ҳокимининг қарори чиқди. Чемпионатларга қатнашадиган болаларни озод қилди.

Демак, ўқув юрти, маҳнат жамоаси, маҳалласи ёки масжидини пахта термидан озод қилиш тўғрисида ҳокимнинг махсус қарори йўқ экан, ҳар бир ўзбекистонлик пахта териши шарт.

Хўш, мамлакат аҳолисини безовта қилмай териб олса бўлмайдими пахтани?
Бўлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бунинг уддасидан чиқилгани тўғрисида боягина гапирилди.

Ё бўлмаса, пахтани машинада теришнинг қўлда теришдан неча баравар афзаллигини тушуниш учун олимлар хулосанини ўқиш шарт эмас, шундай бўлсада америкалик олимларнинг ҳисоб-китобларидан биргина маълумотни келтирамиз:

теримчи 20 туп ғўзадаги пахтани териб олишга 9 минут сарфлайди;

пахта терадиган машина эса, 30 секундда 1200 туп ғўзадаги пахтани териб олади.


Машинани ҳам қўя турайлик. Чунки таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, пахтани машиналар кескин озайиб кетган шу кунлардаги шароитда ҳам шаҳарлар аҳолисини жалб этмай териб олиш имкони бор.

- Пахта даласидаги бугунги сиëсат мутлақо енгил-елпи ҳал қилинган сиëсат. Пахтанинг нархини, пахта теримининг нархини тўғрилаб қўйиш керак адолат юзасидан. Чунки пахтанинг сўнгги йилларда нарх-навоси жаҳон бозорида етарли даражада. 50-100 сўм терим учун қўшиш бу ҳеч қанақа иқтисодий зарар келтирмайди. Лекин буни ўз халқига, ўз юртига кўзи қиймаëтган одамларга мутлақо тушуниб бўлмайди. Шунинг учун мен саволингизга қисқача қилиб айтишим мумкинки, қишлоқ хўжалигидаги бугунги ташкилотчилик етарли эмас. Агар биз озгина дўппини ерга қўйиб ўйласак, ҳеч қанақа ҳашарчига ҳозир ҳам ҳожат йўқ, бундан олдин ҳам ҳожат бўлмаган, бундан кейин ҳам ҳожат бўлмайди, деди таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев.