Халқаро ташкилотлар Наумов тақдиридан хавотирда

Бир қатор халқаро ташкилотлар хоразмлик журналист Сергей Наумовнинг ҳибсга олингани борасида хавотир билдириб чиқишди. ЕХҲТ, "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти, Халқаро Амнистия каби бу ташкилотлар Наумовнинг уйдирилган айблов қурбонига айланиши, ҳибсхонада қийноққа тутилиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.
Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўзбекистонлик журналист Сергей Наумов тақдири борасида хавотир билдирди.

Наумов 21 сентябр куни Урганч шаҳридаги ўз уйида ҳибсга олинган эди. Ўшандан буён унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.

Хабарларга кўра, Наумов ўғирликда айбланмоқда. "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти журналист уйдирилган айблов қурбонига айланиши эҳтимолидан ташвишланмоқда.

- Агар Наумовнинг ўғирликда айбланаётгани тасдиқланса, у ҳолда мустақил журналист Ўзбекистондаги уйдирилган айбловларнинг навбатдаги қурбонига айланиши мумкин, - дейилади "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти баёнотида.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович Наумов тақдирига ойдинлик киритишни сўраб, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаатнома йўллади.

- Наумовнинг қаедалигини унинг оиласи ҳам, дўстлари ҳам билмайди, мени мана шу ҳолат хавотирга солмоқда, - дея билдирди Миятович.

Халқаро Амнистия ташкилоти эса мустақил журналист қийноқ ва таҳқирлашларга дучор бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

"Тергов ҳибсхонасидаги ҳар бир дақиқа у ерда ушлаб турилган ҳар қандай одамни қийноқ ва таҳқирлашлар хавфи остига қўяди", деб билдирди Халқаро Амнистия ўз баёнотида.

50 ёшли Сергей Наумов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган оз сонли мустақил журналистлардан биридир.

У Ўзбекистондаги илк мустақил Панорама (Манзара) газетасининг (1990 йил) таъсисчиси бўлган.

1994 йилдан 1999 йилгача Наумов Хоразмдаги илк мустақил ALC телевидениесида ишлаган. Шунингдек, хоразмлик журналист ўтмишда қатор хорижий нашрлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб келган.

Унинг Тошкентдаги ҳамкасблари ижтимоий тармоқларда Сергей Наумов пахта даласидан тутиб кетилган бўлиши мумкинлигига оид тахминларини ёзмоқдалар.

Аммо хоразмлик мустақил журналист пахта даласига борганми-йўқми, борган бўлса, қайси хатти-ҳаракати туфайли тартиб посбонларининг назарига тушган – бу ҳақда ҳозирча аниқ бир маълумот йўқ.